07 November 2010
03:54 - Ўзбекистон дунёга интеграциялашмоқда: Ташқи ишлар вазирлигимиз қабулдан бўшамай қолди, “Бирлик”нинг башорати яна тўғри чиқадими?
Сўнгги ҳафтада Россия, Эстония, Саудия Арабистони, қатор Осиё мамлакатлари, Европа Иттифоқи делегацияси ва куни кеча ЕХҲТга раислик қилаётган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддилари билан сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳаракатлари самарасидан қаътий назар ҳукуматнинг дунё билан қайта сиёсий интеграцияларни тиклаётганидан далолат, дейди мухбиримиз. Модомики, режимлар сиёсатини ўзгартириш, тоталитар бошқарувга барҳам беришнинг интеграциядан ўзга йўли йўқ экан, ўтган ҳафтани Ўзбекистон сиёсий ҳаётидаги фойдали ҳафта бўлди, дейиш нотўғри бўлмайди.

Маҳаллий матбуот саҳифаларида Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Кайрат Сарибайнинг юртимизга ташрифи ва Ташқи ишлар вазирлигидаги қабул қилинишига, кеч бўлса ҳам, кенг ўрин берилган. Хабарларда таъкидланшича, Ўзбекистон ҳукумати шу йилнинг 1-2 декабрь кунлари Остонада ўтадиган ЕХҲТ саммитига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур анжуманларга ҳукумат қандай ёлғонларни кўтариб боришидан қатъий назар дунё миқёсидаги демократлар анжуманида унинг иштироки фойдалидир.

Масаланинг яна бир жиҳатига урғу бериш лозим, дейди мухбирмиз. Маълумки, мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партияси Ўзбекистонни дунёдан изоляция қилиш ўрнига, уни дунёга интеграция қилиш демократияни ривожлантириш нуқтаи назаридан самаралироқ эканлигини айтиб келмоқда. Фақат айтиш билан чегараланмасдан, шу йўналишда қўлидан келганини қилмоқда. Ўзбекистоннинг дунёга очилишидан фойдаланиб, мамлакатимзда демократик жараёнларни тезлаштириш мухолифатнинг вазифасидир.