07 November 2010
03:31 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Алдагани бола яхши”
Саводсизлик нодонликка, нодонлик эса масулиятсизликка олиб келади. Шахсан мен Ўзбекистонда бирор бир саводли адабиётшунос қолганига ишонмайман. Албатта, бор. Бироқ қўлимда 8-синфлар учун “Она тили” дарслиги. Унинг муаллифилари М. Қодиров, Н. Неъматов, М. Абдурайимова, Р. Сайфуллаева. Дарcликнинг 4-бет, 1-дарсига эътибор беринг.

Бош мавзу: Кириш. “Сўздан сўзнинг фарқи бор...”

Матн: “МУКОФОТ ВА ЖАЗО”

Қадимда подшолардан бири давлат ишларини бошқараётган пайтларда ўғлини ёнида олиб ўтирар экан. Бир куни подшоҳ кечаси кўрган тушини мунажжимга сўзлаб бериб, таъбирини сўрабди. Мунажжим билағон бўлсада дилозор, дағал сўзли экан. У тушга шундай таъбир берибди.

Шоҳим, сизнинг барча ёр-у дўстларингиз ( сиздан олдин) ўлиб кетади, сиз ёлғиз қолиб, кўп азоб чекасиз.

Ғазабланган подшо мунажжимни жазолашни буюрибди ва худди шу тушни тадбиркор, мулоҳазали, оқил вазирига (эмас, балки бошқа бир таъбирчига) айтибди. Оқил вазир бу тушга шундай таъбир берибди.

-- Шоҳим, бу қутлуғ туш сизга муборак бўлсин. Садақалар беринг, бандиларни зиндондан озод қилинг. Тангри сизни барча ёр-у дўстларингиздан узоқроқ умр кўриш бахтига муяссар қилади.

Подшоҳ вазирни зар тўн билан тақдирлаб, рухсат бергач, ўғлига дебди:

--Ўғлим, ҳар иккаласи ҳам бир фикрни айтди.

-- Аммо, қай тарзда, -- деб эътироз билдирди шаҳзода.

-- Гап худди мана шунда-да. Қаранг, бири жазоланди, бири эса, тақдирланди. – деб зийрак ўғлининг фикрини маъқуллади подшоҳ. (Ибратли ҳикоятлар китобидан)

***
Ҳа, шундай бир ибратли ҳикоят тилдан тилга ўтиб келади. Аммо, бу қадар аянчли, узуқ-юлуқ тарзда эмас.

1. Ҳикоят матни чала: ҳикоятнинг яралишига сабаб бўлган энг муҳим воқелик, яъни подшо аслида қандай туш кўргани номаълум, аниқроғи туш мазмуни тушиб қолган. (Эмишки, тушида шоҳнинг оғзидаги барча тишлари тўкилиб кетганмиш).

2. Тушни мунажжим таъбирламайди. Мунажжимлар юлдузлар илми ва астралогия билан шуғулланишган. Фиръавн кўрган тушни зиндонда ётиб таъбирлаб берган Юсуф пайғамбар ҳақидаги ривоят сабаб бўлиб, ҳукмдорлар саройда фолбинлар, мунажжимлар, масхарабозлар, шоирлар, раққослар қаторида алоҳида бир соҳа мақомида таъбирчилик амалини ҳам жорий этишган. Таъбирчилар асосан, туш таъбири билан шуғулланишган.

3. Ҳикоятнинг охирига зўраки тиқиштирилган ота-ўғилнинг хом-хатала тўқилган диалоги худди гўзал юзга суртилган қоракуядек ёки бедов отга урилган тўқимдек ибратнинг таъсир кучини амалда йўққа чиқарган. Агар ҳеч бир изоҳсиз, синтезсиз ўша “Ибратли ҳикоятлар китоби”да берилган матнни ўз ҳолича киритилганда олам гулистон эди.

Бекзод
Қашқадарё вилояти