06 November 2010
16:49 - Медведевга нима бўлди ўзи, митинглар ўтказишни қийинлаштирувчи қонунни вето қилибди
Рус оммавий ахборот воситалари Россия президентнинг расмий сайтига асосланиб хабар беришича, Дмитрий Медведев яқинда Россия парламентининг иккала палатаси томонидан тасдиқланган бир қонунга вето қўйибди, яъни уни имзоламашдан бош тортибди. Бу қонунга кўра, митинг ва намойишлар ўтказиш қонунларини бузгани учун маъмурий жазога тортилган шахслар оммавий норозилик акциялари ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Россия президенти бу қонунни вето қилиш сабаби сифатида унда “фуқароларнинг митинг, намойиш, кўча юриши ва пикет ўтказиш каби конституцион ҳуқуқларини чекловчи жойлар борлигини” айтган.

Маълумки, рус ҳуқуқ ҳимоячилари президенттга мурожаат қилиб, бу қонунни имзоламасликни сўрашган эди.

Россия президентининг бундай либераллиги қанчалик самимий эканлиги ҳали номаълум. Бу – Путин-Медведев тандемининг ўйини ҳам бўлиши мумкин. Чунки, Россия Конституциясига кўра, бу қонун парламентнинг иккала палатасида 2/3 кўплик билан қайтадан тасдиқланса, у президентнинг имзосисиз ҳам кучга кираверади. Россия парламенти эса, Россиянинг ҳақиқий хўжайини Путиннинг ҳар қандай топшириғини бажарадиган қўғирчоқ органдир.