29 October 2010
03:26 - “Бирлик” фаоллари ўзларининг сиёсий ҳуқуқлари камситилаётганидан шикоят қилмоқда! (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №33, 25.10.2010)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мамлакатимизнинг турли минтақаларида яшовчи фуқаролар, хусусан, “Бирлик” Партияси фаолларидан ўнлаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тарафидан партия фаолларининг сиёсий ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани, партияни рўйхатдан ўтказиш асоссиз баҳоналар билан пайсалга солинаётгани таъкидланади.

Маълум бўлишича, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси 2003 йил 25 августда Қўқон шаҳрида Таъсис қурултойи ўтказган ва мавжуд тартибга кўра рўйхатдан ўтиш учун керакли ҳужжатларни илк марта 2003 йилнинг 22 сентябрида Адлия вазирлигига топширган. Вазирликнинг Жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларни рўйхатга олиш бошқармаси бошлиғи Жалол Абдусатторов мурожаатга нисбатан 6 ноябрь куни берган жавобида “Бирлик”нинг хужжатларида бир қатор камчиликлар борлигини айтади. Адлия мулозимининг важлари принципиал аҳамиятга эга бўлмаса ҳам ташаббус гуруҳи вакиллари камчиликларни тўғирлаб, ҳужжатларни вазирликка қайта топширган.

Оммавий ахборот воситаларидаги хабарлардан ҳам маълумки, Ўзбекистон ҳукумати қисқа вақт ичида сиёсий партияларни рўйхатга олиш борасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритиб, партия тарафдорлари сони бўйича талаб қилинадиган имзолар миқдорини 5 мингдан 20 мингга оширди. Бугун “Эзгулик”ка марожаат қилаётган шахслар, яъни “Бирлик” тарафдорлари бу талабни ҳам бажарган. Вазирлик эса “Бирлик” Партияси Дастурининг илк вариантидаги “коммунистик тузум дастидан чет элга қочиб кетган ўзбекларга ва уларнинг авлодларига Ўзбекистонда иккинчи ватандошлик” беришни кўзда тутувчи мақсадига эътироз билдириб, уни мавжуд конституцияга зид, деб баҳолаган. Мазкур талабдан сўнг жумла Дастурдан олиб ташланиб, 2005 йил 27 февралида ҳужжатлар бешинчи марта топширилган. Мурожаатга жавобан Жалол Абдусатторов томонидан 2005 йилнинг 4 апрелида олинган 15-302-сонли хатида партия аъзоларининг рўйхатидаги камчиликларни рўкач қилиниб, ариза кўрилмасдан оқибатсиз қолдирилганини билдирилган.

Шундан бери турли асоссиз важ ва баҳоналар билан ўз партиялари рўйхатга олинмай келаётган юртдошларимиз иддаосича, уларнинг аризалари қонунга биноан вазирликка берилган, жавоб ҳам қонунга кўра вазирликдан келиши керак, вазирликнинг бошқармасидан эмас. Шу боисдан фуқаролар ўз аризаларига вазирликдан жавоб олмаганмиз, деб ҳисоблашмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Сиёсий партиялар ҳақида”ги Қонун ҳамда Ўзбекистон ҳукумати томонидан тан олинган “Сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисида”ги Пакт талабларига асосан партия рўйхатга олиниши керак ёки асосланган равишда рўйхатга олиш рад қилиниши лозим. Шунингдек, Адлия вазирлиги бошқармасининг жавоб хатларида партия тарафдорларининг 4 000 дан ортиқ имзоси “алдов йўли билан сохталаштирилгани” иддао қилинган, аммо имзоси сохта эканлиги айтилаётган бор-йўғи 20 нафар шахснинг исми-шарифи келтирилган.

Қолаверса, орадан кўп ўтмай Жалол Абдусатторовнинг ўзи порахўрлик, мансаб ваколатини суисттеъмол қилиш ҳамда талон-тарожлик айби билан 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти “Бирлик” Партияси тарафдорларининг мазкур мурожаатларини атрофилича ўрганиб, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кампаниясини уюштиришини маълум қилади. Мамлакатдаги соғлом демократик кучлар, дипломатик корпус ваколатхоналари, оммавий ахборот воситалари эътиборини мазкур масалага қаратиб, юртимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим кампанияда фаол иштирок этишга чақиради.