28 October 2010
03:50 - “Эзгулик” жамиятининг навбатдаги конференцияси Гулистонда ўтди
Кеча жамиятнинг Гулистон шаҳридаги минтақавий офисида жамият Марказий бошқарувининг навбатдаги даврий конференцияси ўтказилди. Конференция кун тартибидан ўрин олган мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти ва бошқа масалалар қизғин баҳс-мунозара тарзида муҳокама қилинди. Жамиятнинг Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, водий вилоятлари, Бухоро ва Тошкент минтақасидан келган Марказий бошқарув аъзолари ўз вилоятлридаги аҳвол, амалга ошираётган ишлари борасида ҳисобот берди.

“Қарийб ярим йилдан бери ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан менга турли таъқиблар бўлмоқда. Хусусан, шу пайтга қадар икки марта туҳмат ва бўҳтон орқали маъмурий тарзда жавобгарликка тортилдим, хайриятки юқори инстанция судларида бу қарорлар бекор қилинди. ЕХҲТнинг яқинда ўтган саммитида ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳимояси борасидаги резолюция ҳақиқатан ҳам муҳим аҳамият касб этади” деди Самарқанд вилояти бўлими раиси Мажид Қурбонов. “Аҳвол мен яшаётган Бухорода ҳам Самарқанддагидан яхши эмас, менга ҳам ҳозирда бир маъмурий иш қўзғатилган, лекин ҳуқуқий майдонда курашни давом эттирмоқдаман” деди жамиятнинг Бухородаги вакили Бобомурод Раззоқов.

Мазкур масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.