26 October 2010
06:07 - Oлий Мaжлиснинг Қoнунчилик Пaлaтaси навбатдаги масахарабозлик мажлисини ўтказди
Авваламбор шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Олий Мажлисининг иккала палатаси мамлакат конституциясини доимий бузуб борувчи органлардир. Чунки, мамлакатимиз конституциясига кўра, бу иккила палата доимий ишлаши керак. Амалда эса, улар вақти-вақти билан “навбатдаги мажлис” ўтказиб турадилар, холос. Палаталар комитетларининг доимий ишлаши - агар улар ростдан ҳам доимий ишлашаётган бўлса-да, аслида бунга ҳам шубҳа бор - палаталарнинг доимий ишлаши сифатида қабул қилинолмайди.

Бугун “Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Мaжлиси Қoнунчилик пaлaтaсининг нaвбaтдaги мaжлиси бўлиб ўтди. Мaжлисни Қoнунчилик пaлaтaсининг Спикeри Д.Тoшмуҳaмeдoвa oлиб бoрди”, дейилади Қoнунчилик пaлaтaсининг мaтбуoт xизмaти тарқатган пресс-релизда.

Узундан узоқ, зеркарли тафсилотлар билан ёзилган пресс-релиздан маълум бўлишича, депутатлар 10 га яқин қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, уларнинг кўпчилигини қабул қилишган ва тасдиқлаш учун Сенатга юборишган. Бир-иккита қонун лойиҳаси биринчи ўқишдагина қабул қилинган.

Пресс-релизда қонун лойиҳалари кимлар тарафидан киритилгани, комитетларда муҳокамалар бўлгани, Палатанинг мажлисида ҳам музокаралар бўлгани ҳақида чиройли сўзлар кўп. Аммо, сўзга чиққанлар нима дегани, қандай муҳим ва принципиал нуқталарда тортишувлар бўлгани мутлақо тилга олинмайди.

Табиий, бу пресс-релизни ёлғончликда айблаш эмас. Тахмин қилиш мумкинки, “юқори”нинг тасдиғидан ўтиб, Қонунчилик Палатасига етиб келган қонун лойиҳалари хўжа кўрсинга муҳокама қилинган ва косметик ўзгаришлар билан қабул қилинган. Баъзи қонунларнинг биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга қолдирилгани ҳам, Ўзбекистон парламенти дунё стандартлари доирасида ишламоқда деган фикр уйғотиш учун қилинган масхарабозлик ўйинидир.