Бир неча марта суднинг қарори билан бекитилган ва ҳар сафар янги ном остида қайтадан оёққа туриб келаётган Туркиянинг биринчи исломий илдизли Саодат партиясининг кечаги фақулодда қурултойида Нажмиддин Эрбоқон раисликка алтернативсиз номзод бўлди ва сал кам якдиллик билан раис этиб сайланди.
Узоқ йиллик сиёсий ҳаётида Нажмиддин Эрбоқон икки марта Бош вазир бўлган, охирги марта унинг раислигидаги Рефаҳ партияси суд қарори билан бекитилганда, унинг ўзига 5 йил сиёсий фаолият билан шуғулланиш тақиқланган эди. Мана энди у яна партия раиси.
Эслатиб ўтиш керакки, Туркиянинг ҳозирги бош вазири, Адолат ва Тикланиш Партиясининг (АТП) лидери Ражаб Эрдўғон Нажмиддин Эрбоқоннинг энг яқин одамларидан бири, ўнинг сиёсий ўқувчиси бўлган, Эрбоқон раислигидаги Рефаҳ партиясининг Истанбул ташкилоти раиси, кейинчалик Истанбул ҳокими лавозимларида ишлаган. Кейинчалик уларнинг ораси бузилди ва Ражаб Эрдўғон бир гуруҳ ҳамфикрлари билан Рефаҳ бекитилгандан кейин тузилган Фазилат партиясидан айрилиб, АТПнинг қурилишига бошчилик қилди, дунёнинг сиёсий лидерларидан бирига айланди.
Бу орада Фазилат партияси ҳам бекитилиб, унинг, яъни Нажмиддин Эрбоқоннинг тарафдорлари Саодат партияси тузган эдилар. Мана, ниҳоят, Нажмиддин Эрбоқон ўзининг партиясига қайтадан раис қилинди. Аммо, бу партия энди Туркия жамиятида жиддий ўрин ололмайди.
Энди Ражаб Эрдўғон билан Нажмиддин Эрбоқоннинг орасидаги муносабатлар қайси томонга ўзгариши ҳаммани қизиқтирадиган, лекин хусусий масаладир.
Расмни каттароқ қилиб кўриш учун уни курсор билан босинг.