17 October 2010
22:20 - Васила Иноятованинг ЕХҲТ саммитидаги нутқи жарима билан жазоланди (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти матбуот хизмати билдиришномаси)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятини давлат рамзларини ҳақорат қилиш, Президент шаънини таҳқирлаш, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ёмон қилиб кўрсатишда айблаб, жамиятни ёпиш даъвоси билан судга берган бир қанча шахслар аризаси қаноатлантирилмагани хусусида аввалги билдиришларимизда ёзгандик. Даъвогарлар аризаларида “Эзгулик”нинг қонунбузарлик ўчоғи бўлиб қолгани, жамият раиси Васила Иноят ҳукуматга қарши бўлган ноқонуний “Бирлик” Партияси Бош котиби сифатида мавжуд тузумнинг душмани экани ҳақидаги даъволар билан чиққанди. Мазкур даъво аризаси юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро даъвони судининг рад қилиш ҳақидаги қарори чиққанидан сўнг апеллация суди миршаббоши Матлубовларнинг босими билан ноқонуний равишда фуқаро Рене Метмурадованинг аризасини фуқаролик ишига бириктириб, 4 август 2009 йили жамиятга 200 000 сўм миқдорида жарима солганди.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар апеллация судлов ҳайъати (судьялар Шахобутдинова, Сотиболдиев ҳамда Ҳусановлардан иборат таркибда) жамиятнинг “Дилнура Қодиржоновани ким ўлдирди?” номли релизи юзасидан раддия бериш ҳамда фуқаро Метмурадовадан кечирим сўраш мажбуриятини юклаганди. Ташкилотимиз фаолиятига қўйилаётган шу каби тўсиқлар ҳамда мамлакатда милиция органининг қабиҳ фаолияти ҳақида жамият раиси Васила Иноятов яқинда Варшавада ўтган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида чиқиш қилган ва бу чиқиш орадан кўп ўтмай яна жарима билан жазоланди.

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди фуқаро Метмурадованинг янги даъво аризасини қабул қилиб, 07.10.2010 йили жамиятга 50 000 сўм миқдорида жарима солиш ҳақида қарор чиқарди. Аввалги жарима релизда Метмурадованинг номи тилга олингани, бу сафарги жарима эса 2009 йилда мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти борасидаги ҳисоботда (аслида иккиси ҳам бир нарса — Эзгулик) тилга олингани учундир. Енгилган курашга тўймас деганларидек, Жамиятнинг ишчанлик обрўсига путур етказганлик бўйича қарши даъво аризалари “Эзгулик”нинг қонуний вакиллари томонидан суд раисига топширилди. Ҳозирда жамият фаолияти устидан яна 4 маҳкамада фуқаролик даъволари кўрилмоқда. “Сўнги жарима менинг Варшавадаги саммитда қилган чиқишимга жавоб тариқасида белгиланганига шубҳам йўқ. Токи, биз милициянинг қабиҳликлари ҳақидаги хабарларимизни, унинг ноқонуний фаолияти билан курашимизни давом эттирарканмиз бу каби “сийлов”ларга тайёр туришимиз керак” деди жамият раиси Васила Иноятова.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўзбек милицияси раҳбарлари — Матлубовлар хонадонидаги фожиа, яъни хонанда Дилнура Қодиржонованинг сирли ўлими борасида уч йилдан бери ёзиб келади. Юқоридаги жарима ва фаолиятга нисбатан таҳдидлар ана шу ёзувларга билдирилаётган муносабатдир.