17 October 2010
20:26 - "Эзгулик": Ўзбек армияси зобити АҚШ фойдасига жосусликда айбланган
Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Шарқий ҳарбий округи штабига қарашли қўриқлаш ва таъминлаш взводи командири Равшан Қосимов ўтган йилнинг январида АҚШ фойдасига айғоқчиликда айбланиб, ҳибсга олинган ва 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Яқиндан бери бу йигит Навоий вилояти Қизилтепа шаҳридаги колонияда жазо муддатини ўта бошлабди. Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бугунги 30-сонли релизида иш тафсилотларига тўхталади.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бирлашган Штаби бошлиғи, генерал-майор В. Маҳмудов томонидан “Мамлакатдаги энг илғор взвод командири” дипломи билн тақдирланган зобит 2003 йилнинг апрел ойида Ўзбекистон Мудофаа вазирининг буйруғи билан “Вест-Поинт” дастури орқали Қўшма Шататларда хизмат сафарида бўлган. Терговнинг фикрича, гўё ўша маҳалда зобит АҚШ махсус хизматларига ёлланган. Бироқ жиноят ишида зобитнинг айғоқчилиги хусусида бирорта маълумот йўқ.

“...Зобит Равшан Қосимовга жосусликдек жиддий айбловнинг қўйилиши шу қадар ножиддийки, бу ҳодиса бевосита ўтган асрнинг қатағон йилларидаги НКВД қурбонларини эсга солади” дейилади жамият релизида. Равшан Қосимов 2005 йилда Тошкентда танишиб, севиб қолган қизи, ҳозирда Бокуда яшаётган озарбойжон миллатига мансуб Фаталиевлар оиласиникига бир томчи сувдек ўхшаш ўз укасининг паспорти билан меҳмонга бориб келган. Орадан кўп ўтмай Фаталиевлар оиласи озарбойжонлик махсус хизмат органлари томонидан АҚШ фойдасига жосусликда айбланиб, сўроқ қилинган.

Сўроқ даврида кузатилган тезкор тасвирларда унинг уйига Равшаннинг ҳам боргани маълум бўлади ва бу гап Ўзбекистонгача етиб келади. Ҳали уйланмаган, Чирчиқдаги Олий танк командир-муҳандислари билим юртини тамомлаган лейтенант Қосимовдан қийноқ ва ноинсоний муносабатлар орқали иқрорлик олинган. Унинг онаси эса боласининг конституциявий режимга тажовузда айбланмаганидан хурсанд, чунки тинтув даврида Равшандан Тошкентда “Мовароуннаҳр нашриётида чоп этилган “Танбеҳул ҳофилийн” асари топилган. Шу орқали тергов уни диний радикал оқимга аъзоликда айбламоқчи бўлган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакат Олий суди пленуми эътиборини бу каби ҳолатларни бартараф этишга қаратибди.

Релизнинг тўла матнини жамиятнинг расми веб-сайтида ўқийсиз — www.ezgulik.org