16 October 2010
06:22 - Балиқчилик хўжалигидаги “жиноятчилар” ўлимга ҳукм қилинди
Қашқадарё вилоятининг Қарши туманига қарашли балиқчилик хўжалигида бешта кўл бор. Бошқа кўллардаги балиқлар режагидек урчиб, семириб даромад бера бошлади. Аммо биринчи кўлдаги балиқлар сони кутилганидан 4-5 марта кам даромад берди, ва ҳатто тобора камайиб бора бошлади. Балиқчилар ҳайрон: кимдир ўғирлаётганмикин? Кўлга кеча-кундуз қоровул қўйилди. Соқчилар тўртинчи куни жиноятчининг изига тушишга муваффақ бўлди. Ҳар бири бир ярим метр келадиган йиртқич балиқлар (наҳанг зотли) махсус урчитилган зоғора балиқларга қирғин солиб юрган экан. Жиноятчилар зудлик билан қўлга олинди ва зудлик билан ўлимга ҳукм этилди.

Қизиғи шундаки, бу ўлимнинг ўзи фойдали бўлиб чиқди. Оддий балиқларнинг гўшти 4 минг сўм атрофида сотилган бўлса, акула гўшти икки баравар — 9000 сўмдан қўл-қўл бўлиб кетди. Кўрилган зарар қисман қопланди, аммо, кўлга акула қаердан келиб қолгани номаълумлигича қолмоқда. Маҳаллий балиқчи Ашур Қурбоновнинг айтишича, йиртқич балиқнинг тухуми Қарши магистрал канали орқали Амударёдан оқиб келган. Шунга ўхшаш ҳодиса олдин ҳам бир марта бўлган.