15 October 2010
13:53 - Ливан, Туркия, Эрон ва Сурия давлатларининг саммити бекор қилинди
Русларнинг ИТАР-ТАСС агентлиги арабларнинг “Ал-Жазира” телеканалига асосланиб билдиришича, Ливан, Туркия, Эрон ва Сурия давлатлари раҳбарларининг Бейрутта бўлиши кутилаётган учрашуви бекор қилинди. Расман айтилмаса ҳам, тахмин қилиш мумкинки, бунинг сабаби - кеча Ливанга келган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмединажод Ливан-Исроил чегараси яқинидаги Бинт-Жабил шаҳрида “Ҳизбуллоҳ” партияси тарфдорларининг олдида нутқ сўзлагани ва Исроил ҳақида олдин ҳам айтиб келган гапларини қайтариб, яҳудийларнинг мамлакати ўлимга маҳкумлигини айтганидир.

Туркиянинг Исроил билан алоқалари ҳозир ўта ёмон аҳволда бўлса ҳам, Маҳмуд Аҳмединажоднинг бу гапларидан кейин Туркия раҳбарларидан бирининг бундай саммитга келишини кутиш қийин бўларди. Узоқ йиллардан кейин биринчи марта Исроил билан яқинда тўғридан-тўғри алоқалар қилишни бошлаган Сурия ҳам тараддудга тушгани шубҳасиз.

Қолаверса, жамиятларининг табиати билан бир-биридан тубдан фарқ қиладиган бу тўрт мамлакат раҳбарларининг саммити бу кунда биронта жиддий масалада бир фикрга келолмаслиги ҳам олдиндан маълум.