14 October 2010
04:14 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Гольф-клубдан бойваччаларни тутиб кетишди!”
Ўтган шанба куни Тошкентдаги Роҳат кўли қошидаги “Гольф-клуб”дан бир неча бойваччани тутиб кетишди. Тошкент шаҳар ИИББнинг махсус отряди аскарлари клубга қуроллар билан бостириб кириб, бу ердаги қора бизнес ҳомийлари бўлган чиновникларни ушлаб кетди. Клуб маъмурияти бақир-чақир қилиб, аскарларга қаршилик кўрсатди.

Овлаб кетилган бир неча шахс орасида жамоатчилик вакиллари, артистлар, бизнесменлар бор. Яқин кунларда уларнинг номи ошкор қилинади, Ўзбекистон ТВнинг махсус операторлари гуруҳи томнидан суратга олинган операция ҳақида кўрсатув тайёрланади. Гольф клуб аслида жиноятчилар йиғилиб, пулли ишларни гаплашиб оладиган жойга айланганди. Корейслар томонидан бошқариладиган клубга Тошкентнинг олди бойларидан бири, собиқ “Карвон бозор” хўжайини Дмитрий Лим ва унинг гумашталари келиб турарди.

Ўша куни Роҳат кругидан то Тузелгача йўл тўсиб қўйилиб, бойваччалар Янгиобод маҳалласи орқали шаҳар ИИББнинг ертўласига олиб кетилди. Воқелар ривожини кузатамиз.

“Ҳаракат” таҳририятдан:Сайтимизнинг хабар жўнатиш бўлимига келиб тушган маълумот юзасидан ўтказилган суриштирувларга кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси, ИИББ, солиқ инспекциясининг махсус гуруҳи томонидан гольф-клуб рейд ўтказилгани маълум бўлди. Ҳатто бу рейдни ўзларига босим деб ҳисоблаган Жанубий Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги норозилик нотаси ҳам билдирибди. Мазкур норозилик хати Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчилиги орқали Тошкентга қадар етиб келган. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматидагилар мухбирларимизнинг бу ҳақдаги сўровларига жавобан телефон гўшагини илиб қўйиш билан чекланишди.