14 October 2010
01:26 - АҚШдаги парламент сайловларида республикачиларнинг ғалабаси кутилмоқда
Маълумки, АҚШда ҳар тўрт йилда бўладиган президент сайловининг ўртасида, парламент сайловлари бўлади. Бу йил 2 ноябрда бўладиган навбатдаги сайловларда Конгресснинг 435 кишилик қуйи палатаси – Вакиллар Уйи бутунлай, 100 кишилик Сенатнинг 37 аъзоси қайтадан сайланади.

Афғонистондаги урушда мақташга арзигулик нарижалар йўқлиги, АҚШда ишсизлик даражаси ҳали ҳам 9,6% атрофида қолиши туфайли демократларнинг обрўси тушиб бормоқда. Демак, келаётган сайловлар демократлар учун мағлубиятли бўлиши кутилаётгани табиийдир.

Бугун бу мамлакатда Reuters агентлиги ва Ipsos poll ширкати биргаликда ўтказган сўровномаларнинг натижалари эълон қилинди. Уларга кўра, сайловчиларнинг 48 фоизи республикачилар, 44 фоизи демократлар учун овоз беришмоқчи. Бунинг натижасида Вакиллар Уйида республикачилар 227, демократлар 208 ўринга эга бўладилар. 10 та жой мустақил депутатлага қолса керак.

Сенатда демократлар 52, республикачила 48 жой олиб, демокатларнинг кўплиги сақланиб қоладиганга ўхшайди.

Табиий, буларнинг ҳаммаси демократ-президент Барак Обаманинг рейтинги тушиб бораётгани билан ҳам боғлиқдир. Шу кунларда америкаликларнинг 47 фоизи унинг ишини маъқуллаётган бўлса, 53 фоизи маъқулламаяпти.

Афғонистонда ишларнинг яхши эмаслигида ҳам, АҚШ иқтисоди ҳалигича инқироздан чиқмаганлигида ҳам фақатгина Обани ва унинг ҳукуматтини айбаш тўғри бўлмайди. Аммо, ҳар бир одамдан шароитни тўғри баҳолашни талаб қилиб бўлмайди. Ишлар ёмонлиги учун кимдир жавоб бериши керак. Бугун ҳокимиятда демократларми, демак, жавоб улардан сўралади.