01 October 2010
23:48 - Ҳуқуқ ҳимоячиси Холиқназар Ғани Жомбой туман прокурори билан пахта терими ҳақида ҳангома қилолмади
22 сентябрдаги хабарларимиздан бирида “Бирлик” Партияси Самарқанда вилоят ташкилотининг раиси, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Холиқназар Ғанининг ўз неваралари ўқийдиган мактаб ўқитувчилари иш вақтларида навбат билан мажбуран пахтага чиқарилаётгани ҳақида шу мактаб директори билан қилган суҳбат-ҳангомасини эълон қилгандик. У суҳбатни хабар охиридаги линклар орқали ўқиш мумкин. Ҳозир эса воқеанинг давоми билан танишинг.

25 сентябрь куни Холиқназар Ғани сайтимизда эълон қилинган хабар матнини норозилик мурожаатномаси сифатида Жумбой туманига яқинда тайинланган янги прокурорга топширмоқчи бўлди. Прокуратура девонхонасидаги Эркин исмли маъсул ходим (телефони: 475-21-41) мурожаатномани олиб қолди ҳам. Аммо, ҳуқуқ ҳимоячисининг шу масала бўйича прокурор билан шахсан учрашиш талаби бажарилмади. Холиқназар Ғани прокуратурага бир неча марта келишига қарамасдан, ҳар сафар унга “прокурор пахтада” дейишдан нарига ўтишмади.

Кеча ҳам прокуратурга борган Холиқназар акага Эркиннинг айтишича, прокурор мурожаатномани ўқиб кўрган, аммо ҳуқуқ ҳимоячиси билан учрашиш ҳақида ҳеч нарса демаган эмиш.

“Бирлик”нинг вилоятдаги етакчиси, айни замонда, ҳуқуқ ҳимоячиси Холиқназар Ғани прокуратурага сафарларини тўхтатмоқчи эмас.