21 September 2010
06:09 - Кеча Ислом Карим БМТ минбаридан ҳам “алжи бо, алжи да ва алжи ту” қилди
Ислом Каримнинг кеча Нью-Йоркда “Мингйиллик ривожланиш мақсадлари бўйича олий даражадаги ялпи мажлис” номи остида иш бошлаган БМТнинг навбатдаги Бош Ассамблеяси минбаридан қилган алжирашларини яхши тушуниш учун Совет замонидан қолган бир бир латифани эслаш лозим.

КПССнинг раҳабари Леонид Брежнев Хитойга расмий ташриф буюриб, аэропортдаёқ нутқ сўзлабди.

Азиз хитойлик дўстларим, деб сўз бошлаган Брежнев таржимоннинг таржимасини кутибди. Таржимон “Алжи бо” дебди. Бундан кейин Брежнев қанчалик узундан-узун баландпарвоз сўзлар айтмасин, таржимон уларни бир оғиз “Алжи да” дея таржима қилибди. Брежнев нутқини тугатиб, СССР-Хитой абадий дўстлиги давом этишини айтса, таржимон “Алжи ту” деб таржима қилибди.

Резиденциясига жойлашгандан кейин, Брежнев ўзининг Хитойдаги элчисидан сўрабди: “Хитой тили шунчалик мукаммалмики, бутун нутқимни бир неча жумла билан таржима қилишди” деса, элчи жавоб берибди: “Алжи бо” дегани хитойчасига “алжирашни бошлади”, дегани, “Алжи да” – “алжирашни давом эттирмоқда”, “Алжи ту” эса алжирашни тугатди, дегани.

Ўзбекистон президенти Ислом Карим кеча БМТ минбаридан туриб айнан “алжи бо, алжи да ва алжи ту” қилди. Минг афсуски, нутқда бундан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

Мақсадимиз, Ўзбекистон президентини ҳақорат қилиш эмас. Унинг нутқи ростдан ҳам алжирашни эслатиши, минг афсуски, ҳақиқат.

Ўзбекистонда расмий хабар сифатида тарқатилган нутқнинг матни кўрсатмоқдаки, Ислом Карим тўрт мавзуда тўхтаган.

Биринчиси – Афғонистондаги аҳвол. Агар Афғонистон 30-40 йил илгари каби ҳеч ким билмайдиган мамлакат бўлсайди, Ислом Каримнинг нутқи бир-иккита бекорчида қизиқиш уйғотган бўларди. Ҳозир дунёда кимлардир Ўзбекистонни билмаслиги мумкин, аммо Афғонистонни ва у ердаги вазиятни билмайдиган одам йўқ. Афғонистон билан дунёнинг энг буюк кучлари - АҚШ ва НАТО тўғридан-тўғри шуғулланмоқда. Шундай экан, БМТ минбаридан туриб Афғонистонни тилга олган одам муҳим гаплар айтиши керак эди. Ислом Карим эса, яна ўша ўзининг алмисоқдан қолган, шу пайтгача ҳеч ким бир тийинга олмаётган таклифини қайтарибди. Таклифнинг асосида Афғонистон ва унинг қўшнилари (6 мамлакат), АҚШ, НАТО ҳамда Россия иштирокида халқаро конференция чақириш ғояси ётади. Агар Ислом Карим бу 9 давлат биргаликда нимлар қилиши мумкинлиги ҳақида қандайдир кутилмаган фикрлар билдирса эди, унинг таклифи қизиқиш уйғотар эди. Ҳозир эса, унинг умумий гаплардан иборат таклифи яна эътиборсиз қолиб кетаверади.

Иккинчиси – Қирғизистон жанубида бўлган қонли воқеалар. Ислом Карим қирғизлар билан ўзбекларни уруштириб қўйган қандайдир учинчи куч ҳақидаги эртагини қайтарибди. Ўзбекистондек мамлакатнинг президенти учинчи куч ким эканлиги ҳақида имо-ишора ҳам бермайди, яъни ўзини ёш боладек қилиб кўрсатади ва воқеаларни ўрганиш учун халқаро текшириш ўтказиш лозимлигини айтади. Унинг нутқини биронта одам эшитган бўлса, “Андижон воқеалари бўйича нимага ўзинг халқаро текширишга рухсат бермадинг?” деб сўраган ва унинг овозини ўчирган бўларди. Аммо, тахмин қилиш қийин эмаски, Ислом Каримнинг нутқини Ўзбекистон ҳайъати аъзоларидан бошқа ҳеч эшитмаган ҳам. Қолаверса, 24 миллионлик ўзбек миллатининг президенти бир ҳовуч қирғиз фашистлари устидан БМТда йиғи-сиғи қилиши шармандаликдир.

Учинчиси – Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ бўлган масалалар. Ислом Карим бу ерда ҳам йиғи-сиғидан нарига ўтолмаган. Қўрққанидан Тожикистон ва Қирғизистоннинг номини ҳам тилга олмасдан, бу мамлакатлар ўз ҳудудларидан сув омборлари ва гидроэлекторстанциялар қуриб, улар сув масласида Ўзбекистонни ўзларига қарам қилиб қўйишаётганидан шикоят қилган.

Тўртинчи, сўнгги мавзу – Ўзбекистон мустақиллик йилларида эришган оламшумул натижалар. Миллионлаб ўзбеклар нон топиш истагида дунёнинг тўрт бир тарафида мардикорлдик қилиб, ўз яқинларини боқаётганларни “эсидан чиқариб қолган” Ислом Каримнинг БМТ минбаридан туриб мақтанишларидан Ўзбекистон ҳайъати аъзоларининг ҳам энсаси қотган бўлса ажаб эмас.

Ўзбекистон президентининг БМТ минбаридан туриб қилган мутлақо маъносиз ва фойдасиз нутқини эшитган ҳар қандай ақли расо ўзбек Ислом Каримнинг Нью-Йоркка бориши учун шундоқ ҳам дефицитли бўлган мамлакат бюджетидан кетган ҳаражатларга ачинса керак. Тўғрида, фақатгина “алжи бо, алжи да ва алжи ту” қилиш учун океанлардан ошиб, Америкага бориш керакмиди?