15 September 2010
06:33 - Туркиядани референдум Конституцияга киритиладиган ўзгаришларни тасдиқлади, жамиятда исломчиларнинг мавқеи мустаҳкамланди
Ўтган якшанба куни Туркияда ўтказилган референдум мамлакат Конституциясига мавжуд ҳукуматнинг таклифи билан киритилаётган 26 ўзгаришни тасдиқлади. Референдумда сайловчиларнинг 77 фоизи қатнашган, ҳали расмий бўлмаган маълумотларга кўра, қатнашганларнинг 58 фоизи 1980 йилдаги ҳарбийларнинг давлат тўнтаришидан кейин 1982 йилда қабул қилинган Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар учун “ҳа” деб овоз берган.

Бу ўзгаришлар жамиятда одамларнинг жинсига қарамасдан тенглиги ва давлат структураларида ишлайдиган хизматчилар тақдирида касба уюшмаларининг ролини ошириш каби мавзуларга оид бўлиб, улар умуман олганда демократик руҳдага ижобий қадамлар сифатида кўрилмоқда. Аммо, баъзи ўзгаришлар мамлакатдаги дунёвий давлат тарафдорлари билан исломчилар тарафидан турлича қабул қилинди. Бу фарқ туфайли Туркияда исломчилар билан дунёвийчилар ўртасида давом этаётган жанг яна ҳам оловланди.

Аслида, тортишувлар Конституциянинг Конституцион Судни шакллантиришга оид биргина моддаси атрофида бўлди ва бўлмоқда. Мавжуд Конституцияга кўра, 11 кишидан иборат бўлган Конституцион Суднинг аъзоларини тайинлашда парламентнинг роли йўқ бўлиб, Конституцион Судга исломчиларнинг келиб қолишини олдини оладиган бир қатор процедуралар кўзда тутилган. Туркияда дунёвий давлатчиликнинг кафолатчиси армия билан биргаликликда айнан Конституцион Суд бўлгани учун, Конституцияга киритилган ўзгариш исломчиларнинг, тўғрироғи, исломий илдизли деб ҳисобланган ҳокимиятдаги Адолат ва Тикланиш Партиясининг (АТП) кичкина , аммо, муҳим ғалабаси деб ҳисобланмоқда. Бу ўзгаришга кўра, Конституцион Суднинг бир умрга тайинланадиган аъзоларининг сони 17 га чиқарилади, янги аъзоларни тайинлашда парламент ҳам иштирок этади.

АТПнинг бу ғалабаси 2012 йилда бўладиган парламент сайловида яна шу партия ҳокимиятда қолишинининг эҳтимоллигини оширади. Бу партия ҳозир парламентда кўпчилик овозга эга бўлганидан фойдаланиб, сайловларни аввалроққа суриши мумкинлиги ҳам гапирилмоқда.

Бир қарашда катта аҳамияти бўлмагандек кўринадиган шу каби қадамлар билан Туркия Эрон ва Покистон каби давлатлар даражасига тушиш йўлидан кетаётганини ҳали кўпчилик кўраётгани йўқ. Аммо, дунёвий қарашдагилар вазиятни ўзгартиролмаса, айнан шундай бўлади. Вазиятни ўзгартириш йўлларидан бири - Конституцияга киритиладиган ҳар қандай ўзгаришлар, улар референдумда қабул қилинган бўлса ҳам, мавжуд Конституцион Суд томонидан бекор қилинишидир.