27 August 2010
22:34 - Ҳуқуқ ҳимоячиси тузоққа илинмади!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг бугун тарқатган 25-сонли релизида таъкидланишича, Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон бўлими фаоли, журналист Турсун Бек Тўразодага нисбатан ҳуқуни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилган қўлга олиш операцияси ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳушёрлиги туфайли амалга ошмай қолибди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга йўллаган мурожаатига асосланиб вазиятни таҳлил қилган жамият фаолларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Жиззах вилоятининг Даштобод шаҳрида яшовчи фуқаролар Абубакр Алимов ва Насиба Эгамбердиевалар воситасида ҳуқуқ ҳимоячисини қўлга олишмоқчи бўлишган.

Гулистон шаҳар бозоридаги учрашув жойида ҳуқуқ ҳимоячиси Сирдарё вилояти ИИБ терророризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходими Ҳусан Ҳалимов бошчилигидаги, бошқарманинг тезкор вакиллари тузоғини сезиб қолиб, бозордаги кишилар воситасида воқеа жойидан қочишга улгурган ва операция барбод бўлибди. Юқорида номлари зикр қилинган фуқаролар ҳуқуқ ҳимоячисидан ёрдам сўраб, уни учрашувга таклиф қилган, унга дардини айтиб, пул тиқиштиришни режалаштирган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси изоҳ беришга чақирди. Жамоатчилик ва халқаро ҳамжамиятни ҳуқуқ ҳимоячиси тақдирига бефарқ бўлмасликка ундаюди.

Релизнинг тўла матни жамиятнинг расмий веб сайтида — www.ezgulik.org