11 August 2010
07:36 - Тошкентда яна ўн нафар мусулмон судланмоқда
Мустақил Ҳуқуқ Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳи кеча тарқатган хабарга кўра, Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туман судида, Раҳимжон Алиев раислигида 10 кишилик гуруҳ устидан суд жараёни кетмоқда. Бу ўн нафар мусулмон Олимпия меҳмонхонаси ёнидаги масжидга намоз қилиш учун бориб юриб танишишган ва кейинчалик ўзаро учрашувлар ўтказиб, турли исломий оқимларнинг моҳиятини ўрганиш билан шуғулланишган.

Ҳар бирининг 2-4 фарзанди бўлган, иш ҳамда яшаш жойида ижобий баҳоланган бу мусулмонларга Ўзбекистон Жиноий Кодексининг 216 моддаси (“Ноқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар тузиш) бўйича айб қўйилмоқда экан.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабарида судланаётганларнинг фаолияти қўйилаётган айбга тўғри келиб-келмаслиги, бу 10 нафар мусулмон жамиятга қанчалик хавф солаётгани ёки аксинча ҳеч қандай хавф солмаётгани мутлақо анализ қилинмайди. Ваҳоланки, бу - ҳуқуқ ҳимоячиларини вазифасидир, агар улар ҳуқуқ ҳимоячиси бўлса. Улар ҳатто оддий журналист сифатида ҳам ўз хабарларининг муҳим тафсилотларини ёритишлари шарт эди.

Бундай анализ йўқлиги сабабли тушуниш қийин, ростдан ҳам судланаётганлар ноқонуний диний ташкилот қуришганми ёки Собир Раҳимов туман суди қиладиган иши қолмагани учун мутлақо бегуноҳ кишиларни суд қилмоқдами? Иккинчи ҳолдагина Собир Раҳимов судини адолатни оёқ ости қилаётганликда айблаш мумкин.