24 July 2010
08:12 - Эрон 2019 йилда фазога одам учирмоқчи
Reuters агентлиги Эроннинг инглиз тилида эшиттириш олиб борадиган Press TV каналига асосланиб хабар қилишича, кеча бу мамлакатнинг президенти Маҳмуд Аҳмединажод 2019 йилда Эрон фазога одам учиришни режалаштираётганини айтган.

“Душманларимизнинг қарорларига қарамасдан 5 йиллик фазовий дастуримизни амалга оширишни давом этирамиз”, дебди Эрон президенти. “Душманлариимзнинг қарори” деганда Маҳмуд Аҳмединажод яқинда БМТ Хавфсизлик Кенгаши тарафидан Эроннинг ядровий дастурларини тўхтатиш мақсадида қабул қилган санкцияларини назарда тутмоқда эди.

Маълумки, Эрон 2009 йилда ўзининг биринчи сунъий йўлдошини орбитага чиқарган ва бу сунъий йўлдош ҳарбий мақсадлар йўлида ишлатилмаслигини таъкидлаган эди.

Аммо, шу нарса ҳам маълумки, дейди мухбиримиз, Эронни Ғарбга қарши гиж-гижлаш мақсадида Хитой ва Россия Эронга керакли технолигиларни бермоқдалар. Бундай ёрдамсиз Эрон ҳеч нарса қилолмаслиги шубҳасиз. Демак, агар Ғарб Эронни тўхтатмоқчи бўлса, аввал Хитой ва Россия билан келишиши керак. Бошқа тарафдан, Россия ва Хитой Эроннинг фанатик режими дунёвий принципларга асосланган ҳамм мамлакатларга қарши эканлигини билишади ва ўзлари истаган пайтда Эронга ёрдамни тўхтатишга тайёрлар. Аммо, бу ўйинлар назорат остидан чиқиб кетиш эҳтимоллиги ҳам йўқ эмас.