20 July 2010
00:16 - Сирдарёда 9 яшар болани зўрлаган шахс ҳибсга олинди
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар суди 1989 йилда туғилган Илҳом Мирзакаримовни педофилияда айблаб, ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг зўрлаш ва бесоқолбозлик моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланди. Дастлабки тергов ва суриштирув ишларини Сирдарё вилояти ИИБ терговчиси Азиз Ҳабибуллаев олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББга қарашли Ховосдаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида тутиб турилган бу шахс Гулистон туманида яшовчи 9 яшар болани зўрлаган.

“Илҳом Мирзакаримов далада мол боқиб юрган болакайни қаровсиз дала бинолардан бирига олиб бориб зўрлаган, воқеа жойидан ашёвий далиллар, зўровонлик излари топилди. Бу ҳодисадан икки кун ўтгач боланинг соғлиғи ёмонлашган, суд тиббий экспертизаси ўтказилди ва боланинг зўрлангани аниқ бўлди. Ота-оналар аввал шифохонага, сўнгра ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар қилишган” дейди иш билан шуғулланаётган “Эзгулик” жамияти вакиллари.

Боланинг ота-онасини билдиришича, жиноятчининг яқинлари уларга пўписа қилишмоқда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг оғзини мойлаб, зўравон шахсни жавобгарликдан озод қилиш йўлларини қидиришмоқда.