10 July 2010
05:38 - Туркия Ғарбга қарши Эронни қўллаб-қувватлаш йўлига ўтмоқда
Туркиянинг Исроил билан жанжаллар чиқариб, шу баҳонада, Исроилни қўллаб қувватлаётган Ғарб билан алоқаларини бузиши систематик ҳолга келмоқда. Буни исботловчи яна бир янгилик қуйидагича.

Эрон нефть ишлаб чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Лекин, унинг нефтни қайта ишлаб бензин чиқариш имкониятлари оз. У ўз эҳтиёжаларини қоплайдиган бензиннинг тахминан 40 фоизини импорт қиладиган мамлакатдир.

Яқинда БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши ядровий программаларидан воз кечмаётган Эронга қарши бир қатор санкциялар киритганди. Бундан ташқари Ғарб мамлаатлари ўз санкцияларини киритмоқдалар. Санкциялардан бири – Эронга бензин сотмаслик. Масалан, Шеврол, Тотал каби жаҳоннинг энг буюк ширкатлари Эронга бензин сотишни тўхтатишди.

Эронга ёрдам қўлини Туркия ва Хитой чўзди. Турк матбуотидаги хабарларга кўра, Эроннинг бензинга бўлган эҳтиёжининг ярми ёки ярмидан кўпроғини Туркия, қолган қисмини Хитой қопламоқчи, яъни Эронга шунча миқдорда бензин сотмоқчи.

Хитой анаъанавий Ғарбга қарши сиёсат олиб борадиган ва Ғарбдан қўрқмайдиган супердавлатлардан бири. Шу пайтгача ўзини Ғарб давлати деб ҳисоблаб келган ва ҳамма масалаларда Ғарб билан бирга бўлган Туркиянинг янги сиёсати кўпчлик учун кутилмаган воқеа бўлмоқда.