08 July 2010
20:49 - Қирғизистон Вақтли ҳукумати қонли воқеалар бўйича ўзбекларни таъқиб қилиш билан овора, уларни ким ҳимоя қилади?
Қозоқларнинг Казинформ агентлиги бугун тарқатган хабарга кўра, Олмаота миршаблари тарафидан Қирғизистондаги оммавий тартибсизликлар иштирокчиси деб ҳисобланаётган одам қўлга олинган.

Исми Т. деб айтилган 22 ёшдаги Ўшлик бу йигит нафақат тартибсизликларда иштирок этишда, балки, Сузоқ туман Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи ва унинг шахсий ҳайдовчисини ўлдиришда ҳам айбланиб, Қирғизистон тарафидан қидирувга берилган экан. Т. жиноят содир этгач, Қозоғистонга қочиб, Олмаота вилоятидаги танишининг дала ҳовлисида бекиниб ётибди ва кеча махсус оперция натижасида Илий туманининг Боралдай посёлкасида қўлга олинибди.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, айнан шу қотилликни содир этишда айбланиб, ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров 15 июнда Жалолободда қамоққа олинган эди. Қирғиз ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари кўра, Азимжон Асқаров ҳамда унинг раҳбарлигидаги “Ҳаво” ташкилоти фаоллари 2010 йил июнь ойида Бозорқўрғондаги зўравонлик актларини ҳужжатлаштириб, ўта муҳим эпизодларни видеотасвирга туширишган, ўзбеклар қирғинида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шу орқали мамлакат вақтли ҳукуматининг қўли борлигини кўрсатиб беришган. Вақтли ҳукумат Азимжон Асқаровдан ўч олиш учун уни қаматган ва унинг олдига адвокати киришига ҳам рухсат бермаган.

Агар кимлардир жиноят содир қилган бўлса, ошкоралик руҳида ўтказилган тергов ҳамда суд айбларни исботласа, бундай одамлар ҳеч сўзсиз жазоланиши керак. Аммо, оддий жиноятчилар билан бир қаторда Қирғизистон жанубида оммавий тартибсизликлар чиқишига сабаб бўлганлар ҳам жазоланиши шарт. Бундайлар эса айнан Вақтли ҳукуматда ўтирганлардир.

Кеча хабар қилганимиздек, Вақтли ҳукумат раисининг ўринбосарларидан бири Азимбек Бекназаров Бишкекда ўтказган матбуот конференциясида Қирғизистон жанубидаги фожеавий воқеаларнинг катализатори деб ўзбек Қодиржон Ботировни эълон қилибди. Қодиржон Ботиров катализатор бўлган бўлиши мумкин, аммо бу воқеаларнинг бошланишига сабаб – Бишкекдаги давлат тўнтариши ва тўнтариш натижасида ҳокимиятга келган Вақтли ҳукуматнинг ўзбекларни қирғизларга қарши қўйишга қаратилган сиёсатидир. Бу сиёсатни юритганлардан бири - Азимбек Бекназаровнинг ўзидир.

Ҳозир Қирғизистоннинг Вақтли ҳукумати мамлакат жанубидаги воқеалар бўйича бир нечта суд ўтказиб, ҳамма айбни ўзбекларга юклаш билан шуғулланадиганга ўхшайди. Қирғизистоннинг жанубидаги ўзбеклар уюшмаган ва бунга қарши самарали иш олиб боролмайди. Ўзбекистоннинг вақтинчалик раҳбарлари эса, тамомийла Қирғизистон Вақтли ҳукуматини қўллаб-қувватлаши маълум бўлмоқда.

Бундай шароитда ўзбек миллатини, Қирғизистон ўзбекларини ҳам, ҳимоя қилишдек оғир вазифа ўзбек демократик мухолифатининг зиммасига тушади. Ўзи ҳукуматнинг босими остида бўлган мухолифат учун бу осон бўлмайди. Амм ҳозир бошқа йўл йўқ.