07 July 2010
22:00 - Денов тумани ҳокими Абдусамат Ҳожиқулов ҳибсга олинди
Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Абдусамат Ҳожиқулов уч кун аввал ҳибсга олинди ва ҳозирда МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов изоляторида тутиб турилибди. Халқ депутатлари Денов тумани кенгаши раиси бўлган бу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105- (Баданга ўртача оғирликдаги тан жароҳати еткзиш), 205- (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 219- (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ҳамда 277- (Безорилик) сингари моддалар билан айб эълон қилинган. Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди ажрими билан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Малум бўлишича, Абдусамат Ҳожиқулов туман ИИБ ходимини дўппослаган экан. Миршабнинг аризасига мувофиқ, ҳоким ҳисбга олинди ва жавобгарликка тортилди.

2004 йили туманга раҳбар этиб тайинланган бу шахс мамлакат осойишталиги тимсоли бўлган миршабларга қўл кўтариш нечоғли жиноят эканини билмаганлиги ажабланарли. Масалан, 2007 йили собиқ Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Кароматов ҳам Тошкент халқаро аэропортидаги миршабга тарсаки тушириб, бир сутка қамоқда ўтирган.

Лекин ҳокимларнинг бошқаларни, масалан, оддий фуқарони дўппослаши, ҳатто ўлдириши ҳам жавобгарликни келтириб чиқармайди. Мухбирларимизга Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимининг маҳаллий фуқарони ургани ва унинг тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этгани ҳақида хабар келди. Суриштирувлар давом этмоқда, воқеа тафсили кейинги хабарларимизда.