19 March 2006
04:00 - 20:00 - Қўрққанга қўша кўринар, ёки Офтобдаги Наврўз мушакбозлиги
20:00 - Қўрққанга қўша кўринар, ёки Офтобдаги Наврўз мушакбозлиги

Пойтахтимизда Наврўз байрами бошланмоқда. Ўзбекистон режими Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида 21 март, сешанба куни ўтказишни мўлжаллаган тантаналарини, кутилмаганда, бугун, тушдан кейинга кўчирди. “Тартиб посбонлари“нинг иқрорича, бу чора ўша куни бирор кор-ҳол бўлишини эҳтимол тутиб ва “террорчи“ларни адаштириш мақсадида қилинган.

Тантаналар соат 15 да, одатдагидек, президент Ислом Каримовнинг табрик сўзи билан бошланди. Уларда куй-қўшиқлар ижро этилди, спортчиларнинг чиқишлари намойиш қилинди. Тантаналар тугагач, Каримов маҳаллий журналистлар билан учрашиб, ўз режалари катталигини таъкидлар экан, “Эртанги кунимиз яхши бўлади. Бир сўз билан айтганда, зўр бўлади“ дея халққа ваъда берди. Унга кўра, бунинг учун “хеч иккиланмасдан, хамма бир ёқадан бош чиқариб, Ўзбекистон, Ўзбекистон ва яна бир марта Ўзбекистон (ўкинг: Ўзбекистон режими) манфаати учун хизмат қилиши“ керак.

Аслида мазкур тантаналар дастури оқшом чоҳига мўлжаллангани боис дастур сўнгидаги мушакбозлик қоронғуда эмас, балки кундузи, Ўзбекистоннинг кўзни қамаштирадиган баҳор офтобида амалга оширилгани учун, гумбурлаш овозларини истисно қилганда, осмонда милтираган нурсиз ранглару тутун изларигина кўринди, холос.

Қўрққанга қўша қўринар деганларидек, шу кунларда нафақат Миллий боғ атрофида, балки бутун шаҳарда милиция, махсус хизмат ходимлари ва ҳарбийларнинг жуда қаттик назорати ўрнатилган.

Кўпчилик билади, Каримов 1992 илнинг бошида, Студентлар шаҳарчасидаги нотинчликлардан кейин ўтказилган ва телевидение орқали бутун мамлакатга намойиш қилинган бир чиқишида “Бир оз чиданглар, ярим йилдан кейин ҳаётимиз “во” бўлади”, деб ёш болалардек бош бармоғини кўрсатган эди. 14 йил ўтибди, Каримов ҳамон ўша-ўша, бармоқ кўрсатиш ва “зўр” бўлишимизни такрорлашдан нарига ўтолмайди.