18 March 2006
04:00 - 23:00 - Ўзбекистон қонун яратувчилари ойни этак билан ёпмоқчилар 12:00 - Собиқ Мудофаа вазири Қодир Ғуломовнинг тақдири хусусида 6:00 - АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида инсон ҳуқуқларига оид
23:00 - Ўзбекистон қонун яратувчилари ойни этак билан ёпмоқчилар

Кеча Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси Тошкент Ахборот технологиялари университети (собик Алоқа институти) да “Ахборот глобаллашуви ва миллий менталитет“ мавзуида сайёр илмий-амалий конференция ўтказди. Унда халқни “бузадиган“ ахборотлардан муҳофаза қилиш, конференция иштирокчилари ибораси билан айтганда, “ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш“ масалалари муҳокама қилинди.

Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, вазирлик ва идоралар, жумладан Матбуот ва ахборот ҳамда Алоқа ва ахборотлаштириш агентликлари, “қўғирчок“ партиялар вакиллари, олий мактаблар ўқитувчилари ва бошқалар қатнашган мазкур конференцияда сўзга чиққанлар ўз маърузаларига илмийлик тусини беришга ҳаракат қилдилар. Маърузалар ахборотнинг хавфсизлиги, жамиятнинг ахборотлашганлик ҳолати, глобаллашув жараёнининг ёшлар маънавиятига таъсири, ахборот хуружлари кескинлашган шароитда миллий қадриятлар ва шахснинг ўзлигини сақлаш, мафкуравий иммунитетни шакллантириш, жамиятни ахборотлаштиришда электрон ОАВларнинг ўрни каби масалаларга бағишланди. Маърузачиар ичида Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари кўмитаси раиси Содиқ Сафоев, Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Хуршид Дўстмуҳаммад, шу Университетнинг ректори Содиқ Қосимовлар ҳам бор эди.

Конференция Ўзбекистон режимининг халқ оммасини “ёт“ ахборотлардан ихоталаш сиёсатини илмий асослантиришга беҳуда уриниш бўлди. Зеро ахборот рост бўлса, уни халкдан, бари бир, яшириб бўлмайди. Ойни этак билан ёпиб бўлмас, деб бежиз айтмайдилар-да.

12:00 - Собиқ Мудофаа вазири Қодир Ғуломовнинг тақдири хусусида

Тўғрилиги охиригача аниқланмаган малумотларга қараганда, Ғофур Ғуломнинг ўтган йилнинг охирги ойларида Мудофаа вазирлигидан бўшатилиб, президент маслахатчтси этиб тайинланган ўғли Қодир Ғуломов шу йил январда охирги лавозимдан ҳам бўшатилган ва унга қарши жиноий иш қўзғатилган. У Ўзбекистон Миллий Банки Шайхонтохур тумани бўлими Бош бухгалтери Жиенбай Устемиров билан биргаликда Чегара қўшинлари бошқармасининг (ўша пайтда Мудофаа вазирлигига, хозир эса МХХга қарайди) шу банкдаги ҳисоб рақамидан 800 миллион сўмни ўзлаштириб кетганганликда айбланмoқда. Жиенбай Устемировга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан қидирув эълон қилинган. У одам жиноий иш қўзгатилганидан сўнг хорижга қочиб кетгани тахмин қилинмоқда.

Қодир Ғуломовнинг сингиллари Тошхон Йўлдошева (у Қодир Ғуломов билан олдинма кетин Фанлар Академияси президенти лавозимидан олинган Ғофур Ғуломнинг жияни Бехзод Йўлдошевнинг турмуш ўртоғидир) хамда Олмос Аҳмедова (у отаси Ғофур Ғулом уй музейининг директори) акалари президент девонида ишини давом эттираётганини айтишсада, бу маълумот текширилиши лозим.

6:00 - АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида инсон ҳуқуқларига оид ҳисобот тақдимоти

Кеча, 17 март куни Тошкентда, АҚШнинг Ўзбекстондаги элчихонасида Давлат департаменти томонидан шу йилнинг 8 мартида чиқарилган “2005 йилда инсон ҳуқуқлари амалиётига доир мамлакатлар бўйича ҳисоботлар“нинг Ўзбекистонга оид қисмини тақдим этиш тадбири бўлиб ўтди. Унда 100 нафарга яқин меҳмон иштирок этди. Иштирокчиларнинг кўпчилиги мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, аниқроғи, вилоятлардан келган “эзгулик“чилар бўлди.

Тадбирда АҚШ элчиси Жон Пурнелл сўзга чиқиб, бу мамлакат ўзга юртлардаги инсон ҳуқуқларининг топталиши масаласи билан қизиқиши сабабини изоҳлар экан, АҚШнинг ўзида ҳам шундай ҳолатлар юз беришини, лекин улар тегишли ташкилотлар томонидан фош қилиб турилишини қайд этди. Ўзбекистон каби авторитар мамлакатларда эса, Ж.Пурнеллга кўра, бундай иллатларни очиқ танқид қилиш имконияти йўқ.

Тадбир иштирокчиларига тақдим этилган, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталишига оид 61 саҳифалик ҳужжат 5 бўлимдан иборат. Унда, жумладан, инсонларни ноқонуний равишда ҳаётдан маҳрум этишлар, ғойиб қилишлар, қийноқлар, қамокхоналардаги оғир шароитлар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар, судланувчини одил очиқ суддан маҳрум қилишлар, сиёсий маҳбуслар, сўз ва матбуот эркинлиги масалалари, тинч йиғинлар ўтказишга ҳам йўл қўйилмаслиги, ҳукуматга ёқмаган ташкилотларга уюшиш эркинлиги йўқлиги, диний эркинлик муаммолари, ҳукуматдаги коррупция ва бошқа иллатларга оид талай далиллар тўпланган. Андижон қирғини батафсил ёритилган.

Шу мавзудаги тафсилий маълумотларни АҚШ элчихонасининг http://uzbekistan.usembassy.qov ёки www.usembassy.uz сайтларидан олиш мумкин.