17 March 2006
04:00 - 23:00 - Ўзбекистон режими ўз хавфсизлиги учун қайғурмоқда - Қозогистон президентининг Ўзбекистонга ташрифига доир - Кечаги “бирлик”чи, асли “эзгулик“чи, бугун ХДПчи ҳам
23:00 - Ўзбекистон режими ўз хавфсизлиги учун қайғурмоқда

Ўзбекистон режими учун ўз хавфсизлигини сақлаш масаласи долзарб масала бўлиб қолди. Ким билан гаплашманг, - у олимми, тадбиркорми, оддий нафақахўрми, - ички сиёсий-иқтисодий мавзудан гап очилгудек бўлса, мазкур режимга, айниқса, режимнинг олий раҳбарига нисбатан норозилигини пайқамай қолмайсиз. Режим учун қуролли хавфдан ҳам кўра халқнинг ички норозилиги катта хавф бўлиб қолди. Ва буни “юқоридаги“лар сезаётган кўринади.

ЎзА “Ахборот“ига кўра, 16 март куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишида “мамлакат хавфсизлигига, жумладан ахборот соҳасидаги замонавий таҳдид ва хавфларга қарши курашга оид чора-тадбирлар... билан боғлик долзарб масалалар“ кўриб чиқилган. Ўзбекистон президенти, Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Ислом Каримов бошқарган мазкур йиғилишда, шуниндек, “Марказий Осиё ва унинг атрофидаги вазият“, Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамжамияти (ЕИҲ) га қўшилиши билан боглик “хуржун“ масала муҳокама қилинган.

Бу масаланинг хуржунлиги шундаки, Ўзбекистон ЕИҲга қўшилиб, истехкомга айлантирилган ўз чегараларини ЕИҲ га аъзо мамлакатлар учун очиш, масалан, божхона йиғимларидан ва виза тартибидан воз кечиш каби талай мажбуриятларни олган. Истеҳкомларнинг бузилиши эса мамлакатнинг шаклланган ички иқтисодий, ва табиийки, сиёсий вазиятини издан чиқариб юбориши муқаррар.

ЎзА хабарида айтилишича, йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар учун Ўзбекистонда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга доир “аниқ“ вазифалар белгиланиб, тошириқлар берилган. Лекин “Ахборот“да қандай вазифалар ва топшириклар экани аниқлаштирилмайди.

Қозогистон президентининг Ўзбекистонга ташрифига доир

Қозогистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга келиши ҳақидаги расмий хабар бу ерда бугун эълон қилинди. Қўшни мамлакат раҳбари 19–20 март кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов таклифига биноан давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.

“Ташриф асносида ўтадиган музокараларда, - дейилади хабарда, - икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ва икки томонлама муносабатларнинг бошқа соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қиладилар.“ Икки томонлама ҳужжатлар имзоланади.

Шу муносабат билан бугун Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида матбуот конференцияси ҳам бўлиб ўтди.

Кечаги “бирлик”чи, асли “эзгулик“чи, бугун ХДПчи ҳам

Инқилобий замонларда, умуман турли ўтиш жараёнларида уддаброн одамлар давр суриб қолишга интиладилар. Бу тарихдан маълум бўлган ҳақиқат. Ўтган асрнинг коммунистик инқилобидан кейин турли туман Остап Бендерлар чиқишди, қайтиа қуриш йиллари дунёдаги энг маълумотли ҳисобанмиш Совет халқини Кашпировский аҳмоқ қилиб юрди.

Бугунимиз ҳам бундай воқеалардан холис эмас. Уч киши “Қуёшли Ўзбекистон” тузиб, оламшумул воқеа каби дунёга жар солишга интилишганини кўпчилик ўқувчиларимиз билишади. Бундан кейин бўлиб ўтган жараёнларга ҳали тўла баҳо бериш қийин, бу ердаги мақсадимиз ҳам баҳо бериш эмас, уларга ёндошишда объективлик лозимлигини таъкидлаш ва янги бир воқеа хусусида хабар бериш.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Эзгулик“ жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари, бир йилча аввал “Бирлик” партиясига ҳам аъзо бўлганлигини эълон қилган Суҳроб Исмоилов ўзини сўл партия деб атаётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП) “Истиқбол“ ёшлар қанотининг 15 март куни Тошкентда бўлган республика таъсис конференциясида унинг раиси этиб сайланди.

ЎзХДП газетаси - “O'zbekiston ovozi“ нинг хабарига кўра, таъсис конференциясида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан сайланган делегатлар, ЎзХДП раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва бошқалар қатнашган. Тасис конференцияси қатнашчилари “муҳтарам юртбошилари айтганларидек, мамлакатимиз ва унинг атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга доимий даҳлдорлик ҳисси билан яшашлари даркор“лиги тўғрисида Ўзбекистон ёшларига мурожаат қабул қилишган. Улар Сенатнннг янги раиси Илгизар Собиров ва Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари қабулида, шунингдек, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида бўлганлар.

Энди кузатиб бориш керак, Суҳроб шoввоз ХДПни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган демократик партияга айлантиришга хизмат қиладими, ёки “Эзгулик”ни диктатурага мослаштиришгами? Ёки Ўзбекистоннинг масхарабозликка айланган расмий сиёсий саҳнасида шунчаки ўзига жой қидирадими? Бунинг охири нима бўлиши жуда қизиқ.