01 July 2010
00:46 - Ўзбекистон яна бир соҳада рекордга даъво қилмоқда
Бугун “Правда Востока” газетасида эълон қилинган хабарга кўра, Қорақалпоғистонинг Тўрткўл туманида сайёрамизнинг энг кекса одами - Тўти Юсупованинг яшаётгани ҳақида хабар берилибди. 1880 йилда туғилган онахон эртага 130 ёшини тантана қиларкан. Умри оғир меҳнатлар билан ўтган момо ўзини бардам ҳис қилаётган экан. Албатта, онахоннинг умри узунлигига шубҳа йўқ, лекин айни пайтда унинг 130 ёшга киргани ҳақидаги маълумотлар ҳам ишонарсиз. Боиси Шўро ҳукуматининг дастлабки йилларида аҳолини рўйхатга олишда қатор чалкашликларга йўл қўйилган, пенсия учун кишилар ёшларини каттартириб ёздириб олишгани ҳам маълум.

Масалан, ўтган йилнинг ноябридаги хабарларимизда маҳаллий матбуотга иқтибосан Сурхондарёнинг ўзида айни кунда 100 ёшдан ошган 250 нафар нуронийлар мавжуд экани ҳақида хабар қилгандик. Узун туманининг Шаҳринав қишлоғида яшовчи Тожинисо момо 121 ёшни, музработлик Жума бобо 120 ёшни қаршилаганини айтгандик. Қумқўрғонда яшовчи Гулсара Бекмуродованинг ёши ҳам 120 дан ошиб кетгани, умуман, мамлакат жанубида дунё рекордини янгилаган 45 нафардан ортиқ қарияларнинг мавжудлигини айтгандик. Юқорида таъкидланганидек, афсуски, бу маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа бор.