21 June 2010
20:23 - Қирғизистоннинг махсус хизматлари қирғиз экстремистларининг ишини давом эттириб, ўзбекларни ўлдирмоқдалар
Қирғизистондаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” номли ҳуқуқ ҳимоячилар маркази раҳбари Толекан Исмаилова оммавий ахборот воситаларига билдиришича, бугун кечаси (тахмин соат 4:00 да) милициянинг махсус отрядлари Ўш шаҳри яқинидаги ўзбеклар яшайдиган Наримон қишлоғига бостириб кириб, ўзларинг айтишларича “тозалаш” операцияси ўтказишган. Камида 2 киши, улардан бири ёш бола, отиб ташланган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, қирғиз милиционерлари ўзбеклардан ўч олмоқда, чунки, айнан шу қишлоқда қирғиз-ўзбек тўқнашувлари бўлаётган кунларда Қорасув туман ички ишлар бошқармасининг бошлиғи ва шофери ўлдирилганди.

Қирғиз милиционерлари ўзбекларнинг уйига наркотик моддалар ва қурол ташлаб қўйиб, кейин уй эгаларини қамашмоқда. Яъни, Ўзбекистоннинг махсус органлари Ўзбекистонда ҳар куни қиладиган ишни қилишмоқда.

Ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистон президенти Ислом Каримнинг Ўзбекистон ҳукуматининг Қирғизистон ўзбеклари билан иши йўқ деб берган баёнотлари қирғизларнинг ўзбекларга қарши зўравонлиги ошишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон ўзбеклари Қирғизистондаги миллатдошларининг ҳимоясига чиқишмаса, у мамлакатдаги ўзбекларнинг ҳоли қандай бўлишини Наримон қишлоғи мисолида кўриб турибмиз, дейди Ўшлик мухбиримиз.

Ўзбеклар миллат эканлиги кўрсатиши, Қирғизистонда ўзбекларнинг ҳимоясига чиқиши, буни қилмаётган Ўзбекистон ҳукуматини истеъфога чақириши керак.