07 June 2010
14:17 - ЕХҲТга ўхшатиб қурилган Осиё ташкилотининг навбатдаги саммити эртага Истанбулда иш бошлайди
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига (ЕХҲТ) ўхшаш форумни Осиёда ҳам яратиш ғояси Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой тарафидан БМТнинг Бош Ассамблеяси минбаридан 1992 йилда айтилган эди. Ташкилотнинг номи ҳам ўша пайтдан маълум – Осиёда ҳамкорлик ва ишонч кенгаши (ОҲИК). Бу йўналишда 10 йил давом этган ҳаракатлар натижасида, 2002 йил 4 июнда Олмаотада Қозоғистон, Россия, Хитой, Покистон, Туркия, Монголия, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистона президентлари, Озорбайжон ва Ҳиндистон бош вазирлари, ҳамда Эрон, Миср, Филистин ва Исроил давлатларининг расмий вакиллари иштирокида ОАИК тузилгани эълон қилинди. Ўшандан бери бу ташкилотнинг раиси Қозоғистон ҳисобланади.

ОҲИКнинг 2006 йил 17 июнда ўтказилган иккинчи саммитида Ўзбекистон ҳам қатнашди.

Ҳозир бу ташкилотга қуйидаги давлатлар киради: Афғонистон, Озорбайжон, Хитой, Монголия, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Филистин, Корея Жумҳурияти, Россия, Тожикистон, Таиланд, Туркия ва Ўзбекистон. Кузатувчи давлатлар: Вьетнам, Индонезия, Малайзия, Япония, Украина ва АҚШ.

ЕХҲТнинг ҳеч бир расмий қоғозида айтилмаган мақсади - темир девор орқасида яшайдиган СССРни дунёга очиш, уни дунёга интеграция қилиш эди. СССР дунёга очилди, дунёга интерация қилина бошлади ва натижада йўқ бўлди. Асосий мақсадига етишиб бўлган бу ташкилот ҳозир ўз ҳаётини инерция бўйича давом эттирмоқда.

ОҲИКнинг эса, умумий гаплардан бошқа конкрет мақсади ҳам йўқ. Шу сабабли у бошланишиданоқ биронта аҳамиятли иш қилмади, қилолмаса ҳам керак. 8-9 июнь кунлари Истанбулда ўтказиладиган саммитда ташкилотнинг раислиги Қозоғистонда Туркия ўтиш мўлжалланган.

Туркия-Исроил алоқалари ўта ёмонлашгани сабабли, ОҲИКнинг бу йиғилишида Исроил номидан унинг Анқарадаги элчиси қатнашиши ҳозирданлоқ маълум. Ўзбекистон ҳам иккинчи ёки учинчи даражали вакилини юборса керак. Россиядан Бош вазир Владимир Путиннинг келиши кутилмоқда. Унинг Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон билан учрашуви Туркиянинг Ғарбдан узоқлашиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши мумкин.

Шу йиғилиш баҳонасида Туркия ташаббуси билан Афғонистон-Покистон раҳбарлари ёки юксак даражали вакилларининг учрашуви ҳам ўтказилмоқчи. Айнан шу учрашув ОҲИКнинг саммитидан аҳамиятлироқ бўлса керак.

Хуллас, ОҲИК баҳонасида ўтказиладиган баъзибир учрашувлар ОҲИКнинг саммитидан муҳимроқ бўладиганга ўхшайди.