14 February 2006
04:00 - 23:30 - Абдураҳим Пўлат: “Бирлик” “Эрк” йўлига ўтадими? Йўқ! 20:00 - Бобурнинг ичкиликбозлигини хотирлатиш нега керак бўлиб колди? - Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (14 февраль, сешанба маълумоти)
23:30 - Абдураҳим Пўлат: “Бирлик” “Эрк” йўлига ўтадими? Йўқ!

Ўтган йилдаги қонли Андижон воқеалари миллатимизнинг келажагини белгилаш нуқтаи назардан ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини ҳали миллатимизнинг ўзи тушуниб етгани йўқ.. Минг афсуски.

Бу воқеалар дунёни ўзартириди десак муболаға бўларди. Аммо ЕХҲТнинг тақдири, Россия Федерециясининг тақдирига катта таъсир кўрсатганини гапирсак бўлаверади. Яъни, ЕХҲТ тугади ҳисоб, айни замонда, Россия Федерациясининг умри анчагина узайди.

Бу воқеалар мухолифат ичида, унинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партияси ичида ҳам катта из қолдирди деб бемалол айтиш мумкин.

Андижондаги хунрезрикни қораловчи “Бирлик” баёнотномасини тарқатишда айблаб қамалган сафдошларимиз, минг афсуски, бу имтихондан шараф билан чиқолмадилар. Албатта, биз қамалмаганлар, айниқса чет элдагилар, ўзимизни тилимиз қисиқдек сезишимиз табиий. Аммо, биз ҳамма нарсага ватанимиз, халқимизнинг тарихига кириб бўлган “Бирлик”нинг шаъни ва шарафини ҳам ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан қарашга мажбурмиз.

Қамоқдан шартли ҳукм билан озод қилинган сафдошларимиздан бирининг “Бирлик” баёнотномасини сал кам қораловчи сўзлари (улар “Озодлик” радиосида берилибди) унинг шахсий фикри бўлиб, “Бирлик”нинг позициясини ўзида акс эттирмаслиги ўз ўзидан маълум. “Бирлик” ўз баёнотидан чекингани йўқ. Лекин, айни замонда, сал кам ярим йил қамоқда ўтириб чиққан одамнинг психологиясини биз тўла тушунмаётган бўлишимиз ҳам мумкинлигини тан оламан. Ҳар кимдан Нельсон Мандела бўлишни талаб қилишга ҳаққимиз ҳам йўқ.

Аммо, бу ҳам хусусий бир факт халос. Ундан хам ваҳимали бўлган воқеалар юз бера бошлади. Мен шу хусусда тўхтамоқчиман.

Водийлик сафдошларимиз менга тўғридан тўғри шундай дейишди: “Ҳозир Ўзбекистонда аҳвол жуда оғир. Сиз чет элдагилар буни тушунмаётганга ўхшайсиз. Бирлик Партияси бу кунда Сиз истаётгандек, ва ҳатто, талаб қилаётгандек фаолият олиб боролмайди. Олиб борса, қатағонлар кучаяди. Шу сабабли “Эрк” партиясининг (бу ерда “Эрк”нинг Салай Мадаминлов ва Отаназар Орипов фракцияси назарда тутилмоқда эди) йўлига ўтишимиз керак. Бу партия фаоллари аллақачон юрт ичида фаолиятларини феълан тўхтатишган. Партия лидери асосан Озодлик радиоси оркали ўзининг борлигини эслатиб туради. Билишимизча, у, Сиздан фарқли ўлароқ, юрт ичида фаолиятни жонлантиришни талаб ҳам қилмайди, ҳеч ким билан алоқа ҳам қилмайди. Шу сабабли бу партиядан ҳеч ким айтишга арзийдиган даражада босимга учраётгани йўқ. Биз ҳам ҳозир шу йўлга ўтмасак бўлмайди”.

Ҳар замон мухолифатнинг бош қалъаси бўлиб келган водийдиги сафдошларимиздан бундай таклифни эшитиш мен учун даҳшат эди. Сўнгги 2 ой ичида аҳволни ўзгартириш учун қилган ҳаракатларимизни бу ерда тўла ёритиш қийин. Аммо бир нарсалар қилдик. Мен бу сатрларни “Бирлик” ичида вазиятни бироз ўзгартиришга эришганимдан кейин ёзмоқдаман. Ўзгартираолмасам эди, Ўзбекистонда реал мухолифат битган бўларди. Энг камида, бу авлод мухолифатсиз ўтарди.

Лекин ички муаммоларимиз битгани йўқ. Бундай муҳим воқеалар изсиз ўтмаслигини ҳар қандай ақли расо одам тушунса керак. “Бирлик”ни кучли “зилзилалар” кутмоқда. Ўзбекистон мухолифатнинг келажаги биз улардан қандай талафоту ютуқлар билан чиқишимизга боғлиқ. Лекин, агар, биз бу ишдан шараф билан чиқолмасак, мухолифатни 4-чи марта қайтадан тиклашга бел боғлаш қийин бўлади.

20:00 - Бобурнинг ичкиликбозлигини хотирлатиш нега керак бўлиб колди?

14 февраль - Бобур тугилган кун. Шу муносабат билан “Qishloq hayoti“ газетаси сўнгги 2 сони - ўтган жума ва бугунги сонларида адиб Хайриддин Султоновнинг “Тавба“ сарлавҳали эссесини эълон қилди (муаллиф Ўзбекистон президентининг давлат маслахатчиси лавозимида ишлайди).

“Бобурнома“ни варақлаб, эркин тарзда ёзилган мазкур мақолада гап Бобурнинг ичкиликка ружў қўйгани хакида боради. Эссе муаллифининг айтишича, “Бобурнома“да “соҳиби фазилат ва соҳиби ҳикмат - Бобур май денгизида сузгани ва қарийб ғарқ бўлаёзганини, бундан қандоқ изтироблар, ранжу азиятлар чекканини ростгўйлик билан яширмай хикоя қилган“ экан. Масалан, муаллифга кўра, Бобур майзодалар билан тун бўйи Боғи Калонда ҳам, “девон тарқағондан сўнг намоз хуфтангача“ кемада ҳам, “кеч намоз хуфтан улуғ оқ уйда“ ҳам, “намоз дигар била намоз шомнинг орасида“ ҳатто каптархона томининг устида ҳам чогир (ичкилик) ичишган. Эртасига эрталаб эса бош оғриғига қарши “сабоху сабохий“ қилишган. Бобир муҳитида“ҳатто аёл кишининг ҳам ичишига изн берилар эди“, - деб уқтиради Х.Султонов ва подшохнинг Ҳулқул энага деган аёл билан ичкилик ичганини эслатади.

Бобур Дехлини забт этганида, яъни ўлимига 4 йил қолганда ичкиликбозликдан тавба қилган экан.

Гарчи муаллиф ўз эссеси билан Бобурнинг ўзи тўғрисидаги ҳақиқатни мардонавор тавсифлаганини кўрсатмоқчи ёки умуман шу тўғридаги ҳақиқатни очмоқчи эса-да, лекин, табиийки, Бобирийлар империясининг асосчиси, буюк саркарда ва шоир ҳақида салбий таассурот қолдирмаслиги мумкин эмас.

Хўш, Бобурнинг ичкиликбоз бўлгани ҳақидаги бундай гаплар бугунги кунга келиб кимга ва нима мақсадда керак бўлиб қолди? - деган ҳақли савол туғилади. Эҳтимол, ҳозирги Оқсарой сирларидан воқиф давлат маслахатчиси эссеси ортида ўз аъло ҳазратининг ҳал бўлган ё бўлмаган “чогир“ муаммолари ётгандир. Ёки бу эссе мавжуд режим воқелигидан норози мусулмонларнинг ўтмишни “мусулмонобод“ сифатида идеаллаштириши нотўғрилигини асослаш учун ёзилгандир, балки...

Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (14 февраль, сешанба маълумоти)

Расмий курс (Ўзбекистон Марказий банки баҳоси): 1 АҚШ доллари ($) = 1195 сўм 43 тийин; 1 евро = 1421 сўм 96 тийин; 1 рубль = 42 сўм 33 тийин.

Тижорат курси (Ўзбекистон Ташқи иктисодий алоқалар банки баҳоси): 1 АҚШ доллари = сотишда 1205 сўм ва харид қилишда 1210 сўм; 1 евро = сотишда 1422 сўм ва харид қилишда 1443 сўм; 1 фунт-стерлинг = сотишда 2084 сўм ва харид қилишда 2114 сўм.

Қорабозор курси: 1 АҚШ доллари (ўртача ҳисоб) = сотишда 1230 сўм ва харид қилишда 1250 сўм.