10 February 2006
04:00 - 23:30 - "Озодлик" иллатлардан озод эмас шекилли 20:00 - Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида мажлис - Касални яширсанг.., ёки Каримов аҳолини табиий офатдан ҳимояламоқчи
23:30 - "Озодлик" иллатлардан озод эмас шекилли

Кеча, 9 февралда "Озодлик" радиосининг Тошкент бюроси собиқ раҳбари Раҳматжон Қўлдошев оммавий ахборот воситалари учун матбуот конференцияси чақириб, радио маъмуриятининг ўзига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлингани, оқибатда соғлиги ва қадр-қимматига путур етгани, умуман, радионинг ўзбек хизмати ҳар хил иллатлар гирдобида қолгани хақида баёнот берди. Бундан ҳеч қанча ўтмай радионинг Тошкент бюроси собик мухбири Хусниддин Қутбиддинов ҳам баёнот билан чиқиб, радионинг ўзбек хизматида илдиз отган иллатлар, қариндош-уруғчилик, нохолислик, фаолиятдаги пала-партишликни таъкидлади. Мазкур баёнотларнинг тўлиқ матни деярли барча сайтларда тарқатилгани боис масаланинг айрим жиҳатларигагина тўхталмоқчимиз.

Мухбиримизга кўра, ҳақиқатан матбуотда ўзига хос овозга эга бўлган бу икки журналистнинг гапларида жон бор. Авваллари ҳам сайтимизда таъкидлагинимиздек, "Озодлик"нинг ўзбек хизматига даставвал журналистик фаолиятдан, қолверса, адабий ўзбек тилини мукаммал билишдан узоқ турган, радионинг нуфузи кўтарилишидан манфаатдор бўлмаган шахслар, кейинчалик эса Каримов режими кўрсатмаларига кўра иш юритадиган раҳбарлар келди. Буни биргина "Бирлик" теварагидаги ҳодисалар, ҳукуматнинг партияга нисбатан ўтказган зулмларининг радиода бир оғиз ҳам тилга олинмагани мисолида кўриш мумкин.

"Озодлик" мухолифат вакиллари учун биргина минбар бўлгани билан қадрли. Аммо унинг ҳаммага ҳам баравар эмаслиги, айрим ҳолларда бу радио баъзи радио журналистлари учун ўзларининг сиёсий жазаваларини қондириш минбари бўлиб қолгани ачинарлидир.

20:00 - Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида мажлис

Бугун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида 2005 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган мажлис бўлди. Мажлисда президент Ислом Каримов қатнашиб, маъруза қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда баркарор иктисодий ўсишга эришилаётир. Масалан, ялпи ички маҳсулот кўрсаткичининг ўсиши 7 % ни ташкил этган (бу - рост бўлса, Ўзбекистон иктисодиёти учун мўъжизавор рақам!).

Президентга кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши негизида, “аввало, бозор ислоҳотлари ва мамлакатни модернизация қилишнинг пухта ўйланган модели ва узоқ муддатга мўлжалланган дастурини босқичма-боскич амалга ошириш бўйича олиб борилаётган тизимли, изчил ва қатъий харакатлар “ ётган эмиш. Президент бу ўсишнинг дунё хомашё товарлари бозоридаги қулай конъюнктура ва ташқи омилларга боғликлигини инкор қилган бўлса-да, лекин Ўзбекистон иқтисодиёти дунё бозорига хом ашё етказиб берувчи бир томонлама иқтисодиёт бўлиб қолаётганини тан олди. Айни замонда, у ишсизлик муаммосидан кўз юмди.

Касални яширсанг.., ёки Каримов аҳолини табиий офатдан ҳимояламоқчи

Ўзбекистондаги бу галги қиш - қалин қор ёгиши, кейин об-ҳаво исиб кетиб, қорнинг тез эриши, сўнгра ёмғирлар ёғиши натижасида содир бўлган қор кўчкилари ва сел-тошқинлар шундайин ҳам ночор яшаётган кишилар бошига катта кулфатлар келтирди ва келтирмоқда. Кимлардир ҳалок бўлди, кимлардир уй-жойсиз қолди. Лекин табиий офатлар ва уларнинг оқибатлари Ўзбекистон режимида “давлат сири“ деб қаралганидан халққа ҳозиргача ҳеч нима эълон қилинмаганди. Жойларда ҳар ким ўз ёғига ўзи қовурилмоқда эди.

Нихоят, бугун республика матбуотида Ўзбекистон президентининг “Аҳоли ва ҳудудларни сел-тошқин ва кўчки ҳодисалари билан боғлик фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори босилиб чиқди. Қарорга кўра, “Қор кўчишлари, тошқин ва сел оқимлари хавфсиз ўтишини таъминлаш, кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича ҳукумат комиссияси” деб аталган махсус ваколатли орган тузилган. У яқин бир ой ичида хавфли ҳудудлардаги хўжаликлар рўйхатини белгилайди, бу ҳудудлардаги аҳолини бошқа жойларга вақтинча ёки доимий яшаш учун босқичма-босқич кўчириш тадбирларини амалга оширади.

Қарорда Ўзгидромет ва Давлат геология қўмитасига, Фавқулодда вазиятлар, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Молия вазирликларига, “Давсувхўжаликназорат“ инспекцияси ва “Ўзавтойўл“ компаниясига, вилоят ва туман ҳокимликларига талай топшириқлар берилган. Жумладан, вилоятлар ва хавфли туманларнинг ҳокимликлари бир ҳафта муддатда табиий офатга қарши ишларни тезкор ташкил этиш бўйича штаблар тузишлари, кечиктириб бўлмайдиган мухофаза чоралари ва авария-тиклаш ишларини таъминлашлари, хавфли ҳудудлардан хўжаликлар аҳолисини кўчиришлари лозим ва х.к.

Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади деганларидек, Ўзбекистон президентининг мазкур қарори ҳозир ҳам давом этаётган табиий офат кўламининг нақадар кенг экани исботидир.