28 May 2010
20:45 - Қирғизистондаги воқеаларни “Ҳаракат” масхарабозлик деганди, АҚШ дипломати сиёсий ўйинлар деб баҳолади
Қирғизистон Вақтли ҳукумати раҳбарининг ўринбосарлари бир-бирларини порахўрликда айблашлари, мамлакатнинг жанубий минтақасидаги қарама-қаршиликни бостириш учун сал кам 2 миллион доллар пул ажратиб, уни ўз ичларида бўлиб олганлари, Таласда оддий одамларнинг қўлига қурол тушишини таъминлаб, ўша қуролли кишилар иштиркида Бишкекда тўкилган қонга Боқиев айбдор дейишлари, бу ҳукуматдан норози бўлганларга дарҳол бузғунчилар тамғаси босиб, ҳибсга олишлари каби воқеаларни “Ҳаракат” агентлиги мухбирлари масхарабозлик деб баҳолашганди. Бу баҳолаш бироз қўполроқ бўлса ҳам, у ўзида ҳақиқатни акс эттириши кун сайин раввшан бўлиб бормоқда.

Шу кунларда Бишкек ва Ўшда бўлгандан кейин Москвага келган АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Джордж Крол ҳам бугун “Комерсант” нашрига берган интервьюсида Қирғизистондаги воқаларни бизнинг сайтимиз каби баҳолаган. Аммо, у дипломатларга хос равишда чиройлироқ сўзлар ишлатган холос.

Унинг фикрича, Вақтли ҳукумат аъзолари ичида турли сиёсий ўйинлар кетмоқда. Қандай ўйинлар? Ҳукумат аъзолари ичида ғоявий фарқ бўлса эди, ҳар ким ўз ғояси ва шу ғоя манфаатларидан келиб чиқиб кўрпани ўзига тортаётган бўлса эди, уларнинг ишини сиёсий ўйин деб ҳисоблаш, қуролли кураш ўрнига сиёсий ўйинлар қилаётган қирғиз сиёсатчиларини олийжаноблиги учун олқишлаш керак эди.

Аммо, аҳвол бошқача. Вақтли ҳукумат аъзолари, аввалги ҳукуматлардан ҳеч фарқи бўлмаган шаклда ёғликроқ жойларни қўлларига киритиш, “ғоявий инқилоб” қилганларига 2 ой ҳам ўтмасдан порахўрлик қилиш, халқнинг пулини ўзлаштириш билан оворалар.

Келинг энди, АҚШлик дипломати каби сўз ўйини қилиб ўтирмайлик, Вақтли ҳукуматдаги демократлари ҳеч қандай демократ эмас, оддий порахўр-масхарабозлар эканлигини очиқча айтаверайлик.