28 May 2010
02:27 - “Карвон” бозорда аниқланган талон-тарожлик миқдори 120 миллард сўмга етди
Аввалги бир неча хабарларимизда Тошкентдаги “Карвон” бозори маъмуриятининг йирик миқдордаги талон-тарожликларда айбланаётгани хусусида ёзгандик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан қарийб 8-9 ойдан бери олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилди. Тафтишчилар томонидан шу кунда аниқланган зарар ва солиқлардан яширилган даромад миқдори 120 миллиард сўм (50 миллион АҚШ доллари)га этаётгани айтилмоқда. Ҳамон бозор бошқаруви раиси Нодир Пўлатов, унинг ўринбосари Равшан Раҳимов ҳамда яна 50 дан ортиқ шахс қамоқда ушлаб турилибди.

Айрим оммавий ахборот воситаларида мазкур талон-тарожликлар билан боғлиқ суд жараёнлари битгани ҳақида хабарлар тарқатилганди. Мазкур маълумотлар қисман тўғри бўлиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан бир неча шахслар муайян муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Бозор кузатув кенгашининг собиқ раиси Дмитрий Лимга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган. Бироқ мазкур шахслар бозорнинг шўъба ва ёрдамчи корхоналари, ширкатлари эгалари бўлиб, бозор фаолияти билан боғлиқ асосий иш ҳамон терговда, иш вилоят прокуратураларининг махсус терговчилари гуруҳи томонидан олиб борилмоқда. Ишга Бош прокуратура ва Тошкент шаҳар прокуратураси терговчилари яқинаштирилмаяпти, деди мухбиримизга маълумот берга манба.