25 May 2010
22:21 - АҚШ Давлат Котиби ёрдамчисининг ўринбосари Қирғизистонда, Ўзбекистон қаерда?
Бугун Бишкекка келган Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўлими раҳбарининг ўринбосари Жорж Крол Қирғтизистон Вақтли ҳукуматининг расмийлари, нодавлат ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан учрашмоқда. У АҚШ маъмурияти “қирғиз халқининг ўзи истаган шаклда демократик давлат яратиш ва иқтисодий ўсиш орзуларини қўллаб-қувватлашини”, ҳозир Қирғизистонда вазият ҳар куни ўзгариб тургани, унга эҳтиётлик билан ёндошиш кераклигини билдиришдан ташқари, диққатга сазовор яна бир нарсани айтди. У Бишкекдан кейин Ўшга, у ердан эса Москвага бориб, руслар билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилар экан.

Унинг бу гаплари - “Қирғизистонни ташқаридан бошқариш бошланди” каби иддаоларда жон борлигини кўрсатмоқда.

Жорж Кролнинг Ўшга ҳам бориши америкаликларнинг Қирғизистондаги воқеалар билан қизиқиш даражалари ортиб борётганидан далолат беради.

Бундай шароитда Ўзбекистон ҳукумати ўзини Қирғизистонни кўрмаётгандек тутиши мамлакатимизнинг халқаро доираларда шундоқ ҳам паст обрўсини яна ҳам тушириши муқаррар. Тахмин қилиш мумкинки, Ислом Карим ҳамма диктаторларга хос равишда, яъни ошкораликсиз Қирғизистон билан шуғулланмоқда. Лекин уни ҳеч ким жиддий ўйинчи деб кўрмаётгани, унинг ўзида пичоққа илинадиган ташаббуслар бўлмагани сабабли – у бирон нарсага эришолмаяпти.