25 May 2010
20:12 - Ўзбек демократик мухолифатининг лидерлари Европага келди
Бугун “Бирлик” ва “Эрк” партияси етакчиларидан иборат бир ҳайъат Тошкентдан Швециянинг пойтахти Стокгольмга учиб келди.

“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун ва партия фаоли Анвар Карим тарафидан Стокгольм аэропортида кутиб олинган ҳайъат қуйидагилардан иборат: “Эрк” демократик партиясининг раиси Самад Муродов, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосарлари Дайнов Ташанов ва Ҳамдам Сулаймонов ҳамда “Бирлик” Партияси Сирдарё вилоят ташкилотининг раиси Исроил Ризаев.

Европага бу ҳайъат билан бирга келиши режалаштирилган “Бирлик” Партияси Самарқанд ва Фарғона вилоят ташкилотларининг раислари Холиқназар Ғаниев ва Адҳам Муҳитдиновга, аввалги хабарларимизда билдирилгандек, Ўзбекистоннинг расмий идоралари уйдирма баҳоналарга асосланиб чиқиш визаси бермади.

Ўзбекистон демократик мухолифатининг етакчилари Швеция парламенти ва ташқи ишлар вазирлигида, Европа Иттифоқининг Брюсселдаги қароргоҳида ва бошқа Европа мамлакатларида расмий учрашувлар ўтказадилар, европаликларни Ўзбекистондаги аҳвол ва демократик мухолифатнинг фаолияти билан таништирадилар.

Алоҳида айтиш керакки, бу - мамлакат ичида фаолият олиб бораётган ўзбек мухолифатчиларининг сўнгги йилларда биринчи марта юрт ташқарисига қилган расмий сафаридир. У “Бирлик” Партияси раисининг ташқи алоқалар бўйича ўринбосари Пўлат Охуннинг ташаббуси билан уюштирилди.