25 May 2010
18:40 - Қирғизистон Вақтли ҳукумати ичидаги жанжал эскича усуллар билан вақтинча тўхтатилди
Вақтли ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари Олмосбек Атамбоев 23 май куни махсус матбуот конференцияси ўтказиб, ўзи каби Вақтли ҳукумат раҳбари ўринбосарларидан икки кишини ҳозирданоқ давлат маблағини ўзлаштиришда, лавозимини суиистеъмол қилишда айблаб, “ўғрилар билан ишлашни истамайман” дейишгача борди. Ҳукумат раҳбарининг бошқа ўринбосари Азимбеком Бекназаров эса, айнан Олмосбек Атамбаевни пора олишда айблаётгани ҳам маълум бўлди.

Бу жанжал ҳамма нодемократик давлатларда бўладиган шаклда кеча битди. Вақтли ҳукумат раҳбари, ўзини вақтинчалик президент деб ҳам эълон қилишга улгурган Роза Отунбаева қандайдир мажлисда нутқ сўзлар экан, давлат маблағини ўзлаштириш воқеаси бўлмагани, Олмосбек Атамбаевнинг иддаолари бўйича текширув бошлашга ҳам асос йўқлигини таъкидлади.

Бугун эрталаб Олмосбек Атамбаев яна матбуот конференцияси ўтказиб, ўз иддаоларини такрорлади ва Вақтли ҳукумат аъзоларидан бири мамлакатнинг махсус хизмат ходимлари тарафидан ушланганини ҳам очиқлади. Ушланганнинг исми ва нима учун ушланганини айтмади, аммо унинг гапларининг мантиғидан тушуниш мумкинки, ушланган одам порўхўрлик билан қўлга тушган.

Хуллас, Қирғизистондаги янги ҳокимият аввалгисидан ҳеч бир фарқи йўқлиги кун сайин равшан бўлиб бормоқда. Бизнинг мухбирларимиз шундай бўлишини Вақтли ҳукумат тузилган кундан бери айтиб келардилар.