23 May 2010
02:47 - Ўзбек ҳукумати учун амалда кишиларнинг фаровонлиги бир пулга қиммат
Шу кунларда мамлакатимизнинг қишлоқ туманларида электр энергияси таъминоти қиш ойларидаги ҳолатига қайтди. Яъни, аҳолига суткасига 3-4 соат электр токи берилмоқда. Қашқадарё вилояти Электр тармоқлари идораси вакили Холмўмин Эркаевга кўра, сўнгги бир ой давомида аҳолига суткасига экинларни суғориш баҳонаси билан 10 соатдан ортиқ электр токи берилганди.

Айни пайтда эса ғалла экин бошқа экинларни суғориш мавсуми якунланди ва сув иншоотлари, насосларни ишлатишга эҳтиёж йўқ. Шу боисдан электр энергияси узатиш яна тўхтатилди.
Президент Ислом Карим шу йилнинг январида ўтказилган Парламент палаталарининг қўшма мажлисида қўшни Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш 6 бараварга ошгани ҳақида ғурурланиб гапирганди.

Ўрта асрлардаги сингари қолоқ ҳаётга тобора кўникиб бораётган юртдошларимиз эса, электр токи бўлмагани туфайли, режимбошининг бу чиқишини кўришмаган, унинг мағрурланиб гапирган гапларини эшитишмаган бўлса керак, дейди мухбиримиз.