18 May 2010
21:11 - Қирғизистонда янгилик йўқ, хаос чуқурлашиб, демократия масхарабозликка айланиб бормоқда
Бир гуруҳ одам давлатнинг ҳамма ҳокимият органларини тарқатиб юбориб, ўзини янги ҳокимият деб эълон қилиши билан мамлакатда бирон нарса тузалишини кутиш соддалик бўларди. Қирғизистонда яқин орада ҳеч нарса яхши томонга ўзгармайди, хаос кучайиб бораверади. Ҳаёлпараст вақтли ҳукуматчилар ўзларининг ҳақли эканликларини куч билан бўлса ҳам намойиш қилиш учун, секин-аста репрессиялар йўлига ўтиб кетишади. Бу ҳаётнинг диалектикаси. Ленин ва Сталин ҳам табиатан қонхўр бўлганлари учун эмас, боши берк кўчага кириб қолгач, орқага қайтишни истамаганлари учун, дунёнинг энг ваҳший диктаторларига айланишган.

Мухолифатда экан ҳукуматини мулоқотга чақирган, ҳукумат уларни ташқаридан ёрдам олиб ишлайдиган деструктив куч деб баҳолаб, мулоқот истамаганидан кейин, ҳукуматни оғиз кўпиртиб танқид қилган Роза Отунбаева ва Олмосбек Атамбаевлар ҳозир айнан ўша ҳукуматнинг ишини қилаётганлари кулгили эмас, аянчлидир. Тўғрироғи, демократияни масхарабозликка айлантиришдир.