18 May 2010
09:42 - Туркия Бош вазири Бокудан Тбилисига келди, Саакашвили унга олқишлар ёғдирди
Теҳрон ва Бокуга қилган қисқа сафаридан кейин Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон Гуржистонга келди ва бу мамлакатнинг президенти Михаил Саакашвили билан учрашди. Грузия-Online агенлиги тарқатган хабарга кўра, меҳмонга Гуржистоннинг энг юксак мукофоти “Олтин руно” орденини топширар экан, Саакашвили шундай дебди: “Гуржистоннинг энг тоза олтинидан ясалган орденини дўстим Ражаб Тойиб Эрдўғонга шахсан ўзим топширишдан бахтлиман. У Туркия, минтақа ва Гуржистон учун катта ишлар қилмоқда. У буюк Турк бўлмаса эди ва Гуржистонда туғилса эди, буюк Гуржи бўларди.”

Гуржистон президенти Эрдўғоннинг Теҳронда қилиб келган ишини ҳам олқишлади: “Бош вазир ўзининг кичкина давлати учун қилган иш – ҳаёт-мамот иши эди. У Эронга бориб, буюк бурилиш қилиб келди.”

Михаил Саакшвили Туркия Бош вазирини керагидан ортиқча мақташининг ягона сабаби – Туркия сўнгги замонда Россиянинг пинжига кириб кетаётганидир. Саакашвили ўзининг мақтов сўзлари билан Туркия раҳбарларини Путиннинг қучоғидан чиқариб оламан деб ўйлаётганга ўхшайди.

Эътироф этиш керакки, Гуржистон президентининг ўта соддаликдек кўринадиган даражада айёрлик қилиш одати бор. Масалан, у Ўзбекистон президенти тамомийла Лубянканинг одами эканлигини жуда яхши билса ҳам, вақти-вақти билан Ислом Каримни Москвадан мустақил иш олиб бораётган кишидек елкасидан қоқиб қўйишни яхши кўради.

Дарвоқе, Эрдўғон мақтовлардан жуда эриб кетди, деб бўлмасди. У буюк мукофот учун Михаил Саакшвилига миннатдорчилик билдириш билан чекланди.

Уларнинг расмий музокаралари бугун бўлади.