18 May 2010
04:26 - Ражаб Эрдўғон бирров Бокуга келиб кетди, Озорбайжон раҳбарияти Арманистон қаршисида тишсиз
Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон Теҳронга ташрифини яшин тезлигида тамомлаб, бугун ўша тезликда Бокуга келиб кетди. У собиқ президент, “Озорбайжоннинг миллий лидери, Озорбайжон давлатчилигининг асосчиси ва архитектори” деб улуғланаётган Ҳайдар Алиев ва унинг турмуш ўртоғи, маҳаллий матбуот “замонамизнинг буюк офтольмологи” деб баҳолаётган Зарифа хонимнинг қабрларини зиёрат қилгандан кейин, аввал Озорбайжон президенти Илҳом Алиев билан бошга-бош, сўнгра расмий ҳайъатлар иштирокида суҳбатлашгани расмий хабарларда айтилмоқда.

Озорбайжон тарафининг расмий хабарлари, ҳамма диктатураларда бўлгани каби, фақат умумий сўзлардан ибрат. Аммо, тахмин қилиш мумкинки, икки раҳбар асосан Озорбайжон-Арманистон муносабатларини, тўғрироғи бундай мунсабатларнинг йўқлиги ва вазиятдан чиқиш йўлларини муҳокама қилишган. Бу мавзунинг ҳам марказида арманилар томонидан ишғол қилинган Қорабоғ ва ундан ташқари босиб олинган Озорбайжоннинг 20 фоиз ерларини озод қилиш масаласи турган.

Аммо, улар бу масалада бир қадам ёки бир қарични қўйиб туринг, бир миллиметр ҳам олға кетолмаганлари аниқ. Чунки, ҳозир Россиянинг табиий газига боғланиб қолган Туркия бу йўналишда Россияга қарши бориши мумкин эмас. Россия эса, тамомийла Арманистон тарафида.

Озорбайжоннинг ўз ерларини озод қилишга етарли кучи йўқ, унинг раҳбарияти эса, Ҳайдар ўрнига Илҳом Алиевнинг шахсига сиғиниш, нефтдан тушган даромадни ўзлаштириб, чет эл банкларидаги ҳисобларида жамғариш билан овора. Ўша жамғарамаларни ўз армиясини мустаҳкамлаш учун сарфлашни ўйлайдиган мардлар ҳали туғилмаган.

50-60 тача партияЧАлардан иборат мухолифат ўзаро низолар ичига шўнғиб кетгани ҳам ҳаммага маълум. У ерда, ҳеч бўлмаса, Ўзбекистондаги “Бирлик” каби, мухолифатни ўз атрофида бирлаштиришга уринаётган партия ёки лидер ҳам йўқ.