17 May 2010
21:30 - Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти уяли телефон хавфи ҳақида бонг урмоқда
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти уяли телефон хавфи ҳақида бонг урмоқда

Ўтган йили айни шу кунларда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖСТ) янги вирус гриппининг пандемияга айланиш хавфи ҳақида ҳаммани огоҳлантирар, қўполроқ қилиб айтсак, бонг урарди. Ҳозир бу хавф ҳеч кимнинг эсида ҳам йўқ. Бунинг сабаби – ЖСТнинг огоҳлантиришлари ҳамма тарафидан инобатга олингани бўлса керак.

Шу кунларда ЖСТ уяли (мобиль) телефонларда кўп гаплашишнинг хавфи ҳақида гапирмоқда, бонг урмоқда.

ЖСТнинг 10 йил ичида 13 мамлакатда олиб борган тадқиқотларнинг натижаларига кўра, ёши 30 дан ортган одамларнинг кунига ярим соатдан ҳам кўпроқ уяли телфон орқали гаплашиши мия саратони (рак) касалигининг эҳтимоллигини 1/3 га орттирар экан. Лекин, яна ўша тадқиқотлага кўра, ёши 30 дан ошганлар ичида ҳар куни ярим соатдан кўпроқ мобиль телефонда гаплашадиганлар кўп эмас. Кўпчилик ойига 2 соат гаплашади.

ЖСТ мутахассисларига кўра, ёши 30 дан паст бўлганлар орасида уяли телефонни кўп ишлатадиганлар кўп. Энди айнан шу гуруҳ телефон ишлатувчилари ичида тадқиқотлар олиб бориш режалаштирилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ёшларнинг ген ҳужайралари ҳали ривожланиш босқичида бўлгани сабабли, уларнинг ичида уяли телефонда кўп гаплашиш туфайли мия саратони хавфи янада кўп бўлиши мумкин.

Бу маълумотлар, ЖСТга таяниб, инглизларнинг Daily Mail сайтида тарқатилган.

Жаҳон оммавий воситалари ғарблик ёшлар орасида уяли телефондан матнли хабарлашиш (SMS жўнатиш) воситаси сифатида фойдаланиш “касаллиги” кўпайиб бораётганини хабар қилишганди, дейди “Ҳаракат” мухбири. Демак, бу яхши “касаллик” экан. Чунки, матнли хабарлашиш ва қулоқ эшитгичларидан (наушниклардан) фойдаланиш мия саратони рискини камайтирадиганга ўхшайди.

Тожикистонда болаларнинг мобиль телефон ишлатишига қарши кампания бошланишида ҳам маъно бор, шекилли.