19 January 2006
04:00 - 23:30 - Нажотга муҳтож "Миллий Нажот Қўмитаси” ҳақида 23:00 - Тўрт амалдор лавозимидан четлатилди - "Газпром" раҳбари Тошкентга серқатнов бўлиб 16:00 - Репши ёшларни Fарб мусикасидан совита оладими?
23:30 - Нажотга муҳтож "Миллий Нажот Қўмитаси” ҳақида

Ўзини социолог деб айтаётган Баҳодир Мусаев бир қатор мақолаларида, хусусан, 2005 йил 28 декабрда "Фергана. ру" сайти мухбири билан ўтказилган суҳбатида ҳали жамоатчиликка мавҳум бўлган Миллий Нажот Қўмитасининг кишибилмас фаолияти, унинг Каримов режими ичидаги сон-саноқсиз, исталган пайтда бош кўтаришга тайёр турган тарафдорлари ҳақида гапириши Ўзбекистонда ўзгариш кутаётган анча-мунча одамларга умидбахш шабодадек туюлди. Уларнинг “кайфини” бироз учириб қўйишимизни билсак-да, янги чиққан “ҳақиқат Баҳодирдан ҳам қимматли” мақолига асосланиб, бу сирли “Қўмита” устидаги пардани бироз очишга карор бердик. Тошкент, Москва ва Станбулдаги мухбирларимиздан олинган маълумотларга кўра, Миллий Нажот Қўмитасининг тарихи қуйидагича.

Андижондаги 2005 йил 13 май воқеаларидан кейин бир қатор одамларда дунё жамоатчилигининг ғазаби ва Ғарб давлатлари, биринчи навбатда, АҚШнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда Каримов режими тезда қулайди деган фикр шаклланди. Бундай фикрга ишонган мухожиратдаги мухолифатчиларнинг бир қисми Ўзбекистонда яратиладиган янги ҳукуматда ўзларига тузукроқ жой “кесиб” қўйиш туйғуси билан ва Саддам Ҳусайиннинг асосий мухолифатчиси Аҳмат Челебига тақлид килиб, апил-тапил турли Конгресс ва Коалициялар тузабошладилар. Орадан бир ой ўтар ўтмас, Вашингтонда “Ўзбекистон демократик кучларининг миллий конгресси” ва Нью-Йоркда “Бирлашаган ўзбек демократик коалицияси” тузилгани эълон қилинди. Дарҳол шуни айтиш керакки, Конгресс ва Коалиция тузиш каби ножиддий ўйинларга мухолифатнинг асосий кучи бўлган “Бирлик” Партияси қўшилмади.

Ўзбекистон ичида ҳам қимирлаш бошланди. Ўтган йилнинг сентябрь ёки октябрь ойида Тошкентда Аҳмаджон Одиловнинг укаси Муҳсинжон Одиловнинг уйида ўй эгаси билан бирга тўпланган Ўзкомпартиянинг мафкура бўйича собиқ котиби Раъно Абдуллаева, “Эрк” партиясининг қисмларидан бирининг котиблари Отаназар Орипов ва Дилором Исоқова, социолог Баҳодир Мусаев ва инсон ҳуқуқлари “Мазлум” жамиятининг раиси Аъзам Тургунов "Миллий Нажот Қўмитаси”ни туздилар. Қўмитанинг раиси этиб Аҳмаджон Одилов, раис ўринбосарлари қилиб Раъно Абдуллаева ва Отаназар Орипов тайинланди. Муҳсинжон Одилов ва Аъзам Тургуноваларга координатор, Баҳодир Мусаевга матбуот котиби лавозимлари берилди.

Ўша куни “қўмитачилар” қуйидаги масалаларда келишдилар:

- Аҳмаджон Одиловга на Қўмита тузилгани ва на у раис этиб тайинлангани ҳозирча билдирилмайди. Чунки яқинда 80 ёшга кирган ва жиддий касалликларга мубтало бўлган Аҳмаджон ака бундай хабарни эшитгач тўлқинланиб кетса, у ёғи ёмон бўлиб қолиши мумкин. Каримов режими қулатилгач, Аҳмаджон Одилов қамоқдан чиқиб, Қўмита раисли вазифасини бажаришга киришади.

- Қўмита сирли ташкилот эмас, у ўзини яширмайди, аммо белгиланган соат келмагунча ҳеч қандай фаолият олиб бормайди.

- Ўзбек халқини "Миллий Нажот Қўмитаси” раҳбарларини қабул қилишга тайёрлаш лозим. Шу сабабли, Отаназар Орипов ва Баҳодир Мусаевга Кўмита раҳбарлари Аҳмаджон Одилов ва Раъно Абдуллаевани халқ кўзи олдида Совет замонида уларга қарши қўйилган хунук айбномалардан оқлаш кампанияси олиб бориш топширилди.

- Оддий одамларни рағбатлантириш учун, ҳозир ҳокимиятда, хусусан ҳуқуқ тартибот органларида ишлааётган кўплаб одамлар бу Қўмитага киргани ҳақида гаплар тарқатиш тўғри деб топилди.

- Қўмита ҳокимиятга келгач, президент сайловлари ўтказилади. Аммо, янги президент АҚШ президенти Жoрж Буш билан келишиб танланади. Агар Буш Муҳаммадбобир Маликовни танласа, Маликов президент бўлади, Абдураҳим Пўлатовни таклиф этса, Пўлатов президент бўлади. “Эрк”чилар ўз раислари ҳам инобaтга олиниши кераклиги ҳақида қаттиқ турганларидан кейин, унинг ислом фундамантализми ғояларига қанчалик яқинлигини ўрганиш мақсадида Раъно Абдуллаева билан Муҳаммад Солихнинг учрашуви ташкил қилинадиган бўлди. Буни уюштириш Отаназар Орифовга топширилди.

Қўмита тузилгандан кейин ишлар шундай давом этди. Отаназар Орипов ва Дилором Исоқова Москвага келиб, ундан кейин Отаназар Орипов Туркияга бориб, бу ердаги сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасида очиқчасига Қўмитани танитиш кампаниясини бошладилар. Уларнинг айтишича, ўзбек халқи Каримовдан тўйган ва ундан қутулиш учун ҳар нарсага тайёр. Белгиланган кунда Миллий Нажот Қўмитаси Ўзбекистонда “бўйсинмаслик” кампанияси бошланганини халққа эълон қилади ва бир ҳафта ичида Ўзбекистонда ҳаёт тўхтайди, Каримов Москвага қочиб кетади. Ҳокимиятсизликка чек қўйиш мақсадида Қўмита ҳокимиятни қўлга олади ва президентлик сайловлари эълон қилади. Шу билан Ўзбекистонда демократия ғалаба қозонади.

Билмаганлар учун Қўмита аъзолари ҳақида баъзи маълумотлар:

Аҳмаджон Одилов Совет замонида катта ўғриликлар қилгани, ўзи ҳукмдорлик қилган Поп туманида шахсий зиндон қуриб, у ерда ўз душманларини ўлдириб юборгани учун “ўзбеклар ёки пахта иши” доирасида узоқ муддатга қамалган. Мустақилликдан кейин у озод қилинди, аммо, қисқа вақтдан кейин (гўёки сиёсий партия тузиб, Каримовга қарши кураш нияти борлигини ўз яқинларига билдиргандан кейин) қайтадан қамоққа ташланди. Ҳозир ҳам қамоқда.

Раъно Абдуллаева ўтган асрнинг 80-чи йиллари бошида Ўзкомпариянинг мафкура бўйича котиби бўлган. У наврўз байрамини тақиқлаш учун шоир Абдулла Орипов иштирокида катта кампания бошлаган, унинг ўрнига “навбаҳор” байрамини киритишни таклиф қилган. Унинг ислом динига қарши Сталин замонини эслатувчи “уруши” натижасида ҳокимият тизимларида ишлаётган одамлар ўз ота-оналарининг жанозаларида ҳам иштирок этишдан қўрқиб қолишган эди.

Муҳсинжон Одилов номи тилга олинган Аҳмаджон Одиловнинг укаси. Акаси билан биргаликда бир қатор одамларни ўлдириб юборишни уюштиришда айбланиб, 8 йилга қамалган ва қамоқ муддатини тўла битириб чиққан. !992 йилда христианликни қабул қилиб, Иегова шоҳидлари сектасига аъзо бўлган. Шу кунларгача ўз уйида христианликни қабул қилган ўзбек ёшларига дарс беради. Аввалги динига муносабатини очиқча айтишдан ҳам чекинмайдиган мард одам. Уйида муқавасига ўз қўли билан таҳқирловчи сўзлар ёзилган Куръонни ҳам сақлайди. Бу сўзларни такрорлашнинг ўзи куфр бўлгани учун биз уларни бу ерда келтирмасликка қарор қилдик.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Отаназар Орипов Станбулда Раъно Абдуллаева билан Муҳаммад Солихнинг учрашувини ташкил қилди. “Эрк”чининг ҳали ҳам етарлича дунёвийликка ўтмаганидан қониқмаган Раъно Абдуллаева у билан бошқа алоқа килмаслигини билдирди.

Баҳодир Мусаев Қўмитанинг топшириқларини бажариб, русларнинг сайтларида Раъно Абдуллаевани оқлаш мақсадида ёзилган мақолалар чиқаришга ва йўл-йўлакай Қўмитани пропаганда қилишга бошлади. Абдураҳим Пўлат томонидан ўзи йўқ ташкилот ҳақида мақолалар ёзиш ножиддийлиги хусусида айбномалар келгач, Баҳодир Мусаев Миллий Нажот Қўмитасининг ўта яшириш ташкилот эканлиги айтиб, Қўмита аъзоларини қийин аҳволга қўйди Чунки, ташкилотнинг яширинлиги унинг аъзоларини қонун қаршисида ҳимоясиз ҳолга келтирарди.

23:00 - Тўрт амалдор лавозимидан четлатилди

Бугун, 19 январда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси муассислигида чоп этиладиган "Ишонч" газетаси Бош муҳаррири Мирғиёс Қаюмов, "Экосан" халқаро жамгармаси раиси Юсуф Шодиметов, GEF (Оролни куткариш фонди) рахбари Рим Гинятулинлар вазифаларидан озод қилинди. Яна бир норасмий манбага кўра, Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири Алишер Азизхўжаев ҳам лавозимидан олинган.

Азизхожаевнинг истеъфоси гарчанд расман эълон қилинмаган эса-да, истеъфо сабаблари бирмунча илгари ойдинлашганди. Ўшанда, дейди мухбиримиз, Азизхўжаев Прездидентнинг уни Хитойга элчи этиб тайинлаш ниятига рўйхушлик бермаган эди.

"Газпром" раҳбари Тошкентга серқатнов бўлиб қолди

Бугун Россиянинг "Газпром" компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер Ўзекистонга келди. Ўрисларнинг "Коммерсант" нашрига кўра, у Президент Ислом Каримов билан мамлакатдаги учта газ конларини компанияга ўтказиб бериш ҳақида келишиб олмоқчи.

Агар бу борадаги шартномалар бажарилса, - дейди "Коммерсант", - амалда Россия компанияси Ўзбекистондан экспорт қилинадиган газни ўз монополиясига олади. Бунинг эвазига Каримов Россия ҳукуматини Ғарб босимига қарши туришда кўмак беришга қарздор қилиб қўяди.

16:00 - Репши ёшларни Fарб мусикасидан совита оладими?

Ўзбекистонда ёшларнинг Fарб мафкураси ва санъати таъсирига берилишларига чек кўйиш ва улар маънавиятини мавжуд режимга садокат рухида тарбиялаш Ўзбекистон хукуматининг бугунги ўю дардидир. Хўш, ёшларни мусика санъатининг хозирги ўзбек кўшикчилигида етакчилик килаётган, Fарбдан кириб келган жаз, поп, рок, реп каби турларидан, яъни шундай услубларда басталанган ўзбекча куй-кўшиклардан “совитиш“ чораси борми?

Бор, деб жавоб беришибди ўзбек мусикашунос ва бастакорлари янги мусика турининг кеча бўлган такдимот маросимида. Улар, Ўзбекистон телевидениесининг “Ёшлар“ канали маълум килишича, репши деган мусика йўналишини ихтиро килишибди. Репши “реп“ сўзи ва “бахши“нинг 2-бўгинидан олинган бўлиб, ўзбек мумтоз (классик) ва фольклор йўллари билан замонавий мусикавий услубларни уйгунлаштиради. Бунда миллий чолгу асбобларидан кенг фойдаланилади.

Репши лойихаси, айтилишича, ёш ижодкорларга, уларни кўллаб-кувватлаш хамда рагбатлантиришга мўлжалланган. Лекин ўзбек ёшлари ўртасида канчалик оммалашади? - буни келажак кўрсатади.

Илк бор репшида кўшикчи Насиба Абдуллаева Владимир Бадиров билан бирга ўзларини синаб кўришмокчи. 25 февраль куни улар репши йўналишида концерт беришади. Республика ёшлар театри эса репши лойихаси доирасида янги спектакль сахналаштирмокда.