12 May 2010
22:48 - Тошкентда номи улуғ, аммо супраси маълум бўлмаган конференция иш бошлади
Кеча Тошкентда “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2010” номли кўргазма очилган эди. Бугунги расмий хабарлардан маълум бўлишича, шу кўргазма доирасида Ўзбекистон иқтисодиётининг нефть-газ соҳасига сармоя ва инновациялар жалб этишга бағишланган халқаро конференция очилди, дейилади расмий хабарларда.

Конференциянинг биринчи кунида “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекистон ГТЛ”, “Ўзбекгеофизика”, “Andburservis” (Ўзбекистон), Италия-Ўзбекистон савдо палатаси, “KaзМунайГаз” (Қозоғистон), “Worley Parsons”, “Tethys Petroleum Limited” (Буюкбритания) компанияларининг раҳбар ва мутахассислари нефть-газ соҳасида илғор ва экологик технологияларни жорий этиш, тармоқни модернизация қилиш, ҳамкорликда янги лойиҳалар ишлаб чиқариш ва амалага ошириш, сармоя жалб қилишга доир маърузалари тингланган.

Расмий хабарларда бу конференциянинг мавқеи, ундан Ўзбекистонга қандай конкрет фойда бўлиши каби масалалар ёритилмаган. Унда 500 дан ортиқ одам қатнашаётгани айтилсада, улардан қанчаси чет элликлар, қанчаси зални тўлдириш учун олиб келинган ўзбек студентлари эканлиги ҳам тилга олинмаган.