06 May 2010
15:50 - Бухоро вилояти прокуратурасининг собиқ терговчиси Ўткир Соҳибов президентдан нажот кутмоқда
Сайтимизнинг электрон адресига Бухоро вилояти прокуратурасининг собиқ терговчиси, Бухоро шаҳар, Мустақиллик кўчаси 46/5-уй 9-хонасида яшовчи Ўткир Соҳибовнинг Ўзбекистон президенти Ислом Карим номига ёзилган 13 саҳифалик аризасининг нусҳаси келиб тушди.

Аризадан маълум бўлишича, Ўткир Соҳибов 1994 йилдан бери Бухоро вилоятининг прокуратура органларида ишлаган. Охирги лавозими (2004 йил июль ойидан бери) - вилоят прокуратураси иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлимида алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчи.

Ўткир Соҳибов бу лавозимида иш бошлаган кунлариёқ "Ўзбекэнерго" давлат акционерлик компанияси Бухоро магистрал электр тармоқлари филиали мансабдор шахслари томонидан ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланишлари оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилагнини текширишга бошлаган экан. Аммо вилоят прокурори (ҳозирда собиқ) Шуҳрат Муҳамедов бу ишни ёпиб юборишни талаб қилибди. Ўткир Соҳибов бунга кўнмагач, унинг устидан ариза уюштириб, тезда текшириш ҳам ўтказгандек бўлишибди, натижада унинг ўзини ишдан ҳайдашибди. Шундан бери Ўткир Соҳибов ишга тикланиш учун кураш олиб бормоқда.

Орадан салкам 7 йил ўтиб, собиқ прокуратура ходими президент Ислом Каримга ариза ёзишга мажбур бўлган. Унинг 13 саҳифалик аризасини ўқиган одам Ўзбекистондек коррупциялашган давлатда адолат учун кураш йўли йўқлигини кўради. Коррупция ботқоғига ботган мамлакатнинг бош коррупционери Ислом Каримга нажот истаб ариза ёзган Ўткир Соҳибовнинг ўзи ҳам буни тушунса керак. Аммо, ноумид шайтон деганларидек, унинг бошқа йўли ҳам қолмаганини тушуниш мумкин.