17 April 2010
07:11 - Сенсация: ўзбек олимлари гриппнинг барча турларига универсал малҳам кашф этди
Ўзбекистон Фанлар Академияси полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари ўткир юқумли грипп хасталикларига қарши дунёда аналоги бўлмаган дори воситасини яратишган. Оддий пахтадан олинадиган бу малҳам «Целагрипп» деб аталиб, у гриппнинг барча турлари, хусусан, чўчқа тумови-ю парранда гриппига ҳам шифо бўларкан. Бу ҳақда институт директорининг ўринбосари Абдушукур Саримсоқов маҳаллий журналистларни йиғиб, гапириб берган.

Мазкур препаратнинг сифати, унинг ўткир юқумли касалликлар билан қанчалик курашувчанлигини билмадиг-у, Ўзбекистонда бундай сенсацион хабарлар тез-тез тарқалиб туради. Бундан бир муддат аввал Академия олимларидан бири мўъжизавий эликсир кашф этганини оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилган, орадан кўп ўтмай олим "кашфиёт" завқидан маст бўлиб, шошиб қолгани аён бўлганди.