17 April 2010
04:30 - АҚШлик дипломат Томас Грэҳм: “Биз ҳам шу ердамиз!”
Бугун АҚШнинг мамлакатимиздаги элчилигида АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши ва Оқ уйнинг собиқ мулозими, таниқли дипломат Томас Грэҳм билан учрашув ўтказилди. Учрашувда оммавий ахборот воситалари ходимлари, сиёсий таҳлилчилар, АҚШ олий ўқув юртлари битирувчилари иштирок этишди. Учрашувда бўлган мухбиримизнинг айтишича, тажрибали дипломат дунёдаги сиёсий вазият, геополитик манфаатлар ва сўнгги сиёсий жараёнлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Табиий, кўпчиликни Қирғизистондаги сўнгги воқеалар ва уларга америкаликларнинг муносабати қизиқтирарди. АҚШлик меҳмон бу хусусдаги саволларга жавоб берар экан, бизга қўшни мамлакатдаги ҳодисаларнинг ички кланлараро урушдан бошқа нарса эмаслиги, унда на АҚШнинг ва бошқа мамлакатнинг қўли борлигига ишонмаслиги, бу борада ҳатто Россиянинг аралашуви ҳам катта эмаслигини таъкидлади. Қолаверса, Марказий Осиё борасидаги сўнгги ўйинларда Кремль якка ўйинчи эмаслиги, бу борада Хитойнинг ҳам мавжудлигини таъкидлади. Журналистнинг “Америка-чи?” деган саволига “Биз ҳам шу ердамиз” деб жавоб қайтарди.