16 April 2010
13:41 - Қирғизистонда ҳам хабарчилик масхарабозликка айланмоқда, ҳукумат эса масхарабозларга
Қирғизистоннинг расмий давлат ахборот агентлиги “Кабар” ҳозир Вақтли ҳукуматининг хизматида, хабарларни унга ёқадиган шаклда ёритади. Масалан, 2 кун илгари мустақил агентликлар Жалолободда Қурмонбек Боқиев тарафдорларининг 5 минг кишилик митинги бўлганини билдирар экан, “Кабар” фақат митинг бўлиб ўтганини билдирди. Митинг қатнашчиларининг сонини айтишни “унутди”.

“Кабар”нинг қандай хабарчлик билан шуғулланаётганини кўрсатадиган бошқа мисоллар ҳам бор.

Бу агентлик 9 апрелда Вақтли ҳукумат аппаратининг раҳбари қилиб Эдиль Байсалов тайинланганини хабар қилган эди.

Аммо, 11 апрелда яна ўша агентлик Эмилбек Каптагаев 7 апрелдаёқ Вақтли ҳукумат аппаратининг раҳбари этиб тайинланганини эълон қилди.

Агар 7 апрелдаёқ Эмилбек Каптагаев ҳукумат аппаратининг раҳбари этиб тайинланган бўлса, 9 апрелда бу лавозимга Эдиль Байсаловнинг ўтқазилиши - Эмилбек Каптагаевнинг бу лавозимдан олинганини билдириши мумкин. У ишдан олингандан кейин, уни ишга тайинланиши ҳақидаги аввалги қарорни эълон қилишнинг мантиғи борми?

Яна ким билсин, балки энди Вақтли ҳукумат аппаратининг иккита раҳбари бордир. Яъни, иккита раҳбардош. Хуллас, Ўзбекистонда каби Қирғизистонда ҳам хабарчилик масхарабозликка айланмаптими?

Ҳа, айланаяпти. Бундан ҳам қўрқинчлиси ҳукуматнинг ўзи масхарабозлар тўдасига айланаётгани. Мана буни исботловчи бир факт.

Қурмонбек Боқиев юртини тарк этди. Бу хусусда Вақтли ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева расмий баёнот тарқатди. Аммо, Боқиевнинг ўз лавозимидан истеъфога кетиб кетмаганини айтмади.

Юқорида номи тилга олинган Эдиль Байсалов Twitter интернет-хизматидаги ўз саҳифасида “Бутун дунёга Қирғизистон Республикасининг иккинчи президенти истеъфога кетганини эълон қиламан” деб ёзибди. Буни бозордаги писта сотувчи одам эмас, ҳукумат аппаратининг раҳбари ёзмоқда. Шундай муҳим воқеадан хабаринг бор экан, буни аввал ўз халқингга расмий хабар билан билдир, кейин “Twitter”да нима ёзсанг ёзавер дейдиган одам йўқ Қирғизистонда. Ўзбекистонда каби.

Дарвоқе, Роза Отунбаева ҳам Боқиев истеъфо аризаси ёзганини рус хабар агентликларига айтибди, холос. Тўғри-да, қирғизларнинг нима иши бор бу билан, деб ўйласа керак Отунбаева? Истеъфо аризасининг бор-йўқлиги эса, ҳалигача номаълум.

Ҳеч ким Боқиевни оқламоқчи эмас, дейди мухбиримиз. Чунки, у тахтда экан, масхарабозликларни роса қилди. Гап тахтга янги ўтирганларнинг ҳам масхарабозлигида.

Ҳозир бу икки тараф савдо-сотиқ қилмоқда. Бир тараф халқни улгуржи сотмоқчи, иккинчиси сотиб олмоқчи.