16 April 2010
13:00 - Ўзбекистонда хабарчиликнинг аҳволи – Вестминстер Университетини Тошкентда битирган одамга Лондонда сертификат берилибди
“Жаҳон” агентлиги кеча фақат рус тилида тарқатган хабарга кўра, Тошкентда 2002 йили очилган Халқаро Вестминстер Университетини биринчи бўлиб битирган Шерзод Шоасиловга шу кунларнинг бирида Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида сертификат топширилибди. Яхши хабар, аммо...

Хабарда бўлган воқеанинг куни ҳам кўрсатилмаган. “Шу кунларининг бирида” деб айтилган, холос. Сертификатни Лондондаги элчимиз топширгани айтилган, аммо элчининг исми тилга ҳам олинмаган.

Университет 2002 йилда очилган экан, Шерзод Шоасилов уни биринчи бўлиб қачон битиргани ва нима учун сертификат Лондонда топширилаётгани айтилмаган. Ахир инглизларнинг ёрдами билан бўлса ҳам, Тошкентда очилган Университетнинг биринчи битирувчисига сертификатни тантанали равишда Тошкентда бериш керак эмасмиди? Балки, шундай қилинмасдан, тантанали маросимни Лондонда ўтказиш учун жиддий сабаб бўлиши мумкин. Аммо, сабаб айтилмаган.

Ҳа, дарвоқе, бундай ишларнинг ҳаммасининг бошида Ислом Карим тургани, ҳамма иш унинг раҳнамолигида қилинаётгани хабарнинг бошидаёқ таъкидланган. Шунинг учун элчининг исми ҳам айтилмагандир, содда одамлар унинг исми билан овора бўлиб, Ислом Каримни унутиб қолишмасин тағин дея.

Мана, Ўзбекистонда хабарчиликнинг аҳволи, ғариб аҳволи. Дарвоқе, бу аҳволга ҳам Ислом Каримнинг раҳнамолигида етиб келдик.