16 April 2010
07:12 - “Бирлик” фаоллари Швеция парламентида
“Бирлик” Партияси раисининг ўрибосари Пўлат Охун ва партия фаоли Анвар Карим кеча Швеция парламенти – Риксдагда икки муҳим учрашув ўтказдилар.

Биринчи учрашув Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги Швеция делегацияси раисининг ўринбосари Тоне Тинсгард (Tone Tingsrad) билан бўлди. Суҳбатнинг асосий мавзуси Ўзбекистондаги сиёсий-ижтимоий вазият, мухолифатнинг, унинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партиясининг оғир шартлар остида олиб бораётган фаолияти, демократия ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган масалалар эди.Швеция парламентининг аъзоси Ўзбекистон ҳақида берилган маълумотлар учун миннаторчлик билдирди, учрашувда тилга олинган муаммоларни ЕХҲТнинг керакли органларида кўтаришга ваъда берди. Бундай учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб туришга келишилди.

Сўнгра бирликчилар Турк аслли депутат Меҳмет Қоплан (Mehmet Kaplan) билан учрашдилар. Пўлат Охун ўзбек мухолифатининг Туркия сиёсатчилари билан алоқаларини гапириб берди, ўзи ва партия лидери Абдураҳим Пўлат 1991 йилда, август фитнаси арафасида, Сулаймон Демирел қабулида бўлгани каби воқеаларни ҳам тилга олди.

Суҳбат чоғида яқинда Ригсдагда армани қатлиоми хусусида қабул қилинган резолюция ҳам муҳокама қилинди. Меҳмет Қоплан бу резолюцияга овоз бермаган. Пўлат Охун руслар 19 аср охири, 20 аср бошларида арманилардан, хусусан, дашноқлардан ўзбеклар ичидаги норозиликларни бостириш учун қатағон қуроли сифатида фойдаланишгани ҳақида гапириб берди.

Меҳмет Қопланни “Бирлик”нинг тарихи ва унинг охирги йиллардаги фаолияти, айниқса, расман рўйхатдан ўтиш учун қонуний йўллар билан олиб борган кураши жуда қизиқтирди. У ҳақиқий демократ сифатида, Ўзбекистонда ҳукумат-мухолифат қарама-қаршилигини камайтириш, ҳатто уларнинг мулоқотини йўлга қўйиш масаласида ёрдамчи бўлишга тайёр эканлигини билдирди. Шу йўналишда конкрет ишлар қилишга келишилди.

Швеция парламентининг депутати яшиллар партиясининг вакили бўлгани туфайли, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология масалалари ҳам муҳокама қилинди. Марказий Осиёда сув танқислиги, Ўзбекистон билан Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муаммоллар, Роғун ГЭСи қурилиши атрофидаги жанжаллар муҳокама қилинди.