16 April 2010
05:29 - “Қора бозор”да доллар нархи пасаймоқда, сабаблардан бири - бозорлардаги тафтиш
Бундан бир неча кун аввал хорижий валюта, хусусан, АҚШ долларининг мамлакатимиз қора бозоридаги нархи рекорд даражага кўтарилиб, 1 АҚШ доллари 2450 сўмга чиққанди.

Бугун эса валюта баҳоси кескин тушиб кетди, яъни 1 доллар 2250 сўмни ташкил этмоқда. Валютафурушлар мазкур ҳодисани чет эл валютасига бўлган эҳтиёжнинг кескин пасайгани билан изоҳламоқда. Уларнинг айтшича, қора бозорда валюта курси тушишда давом этади.

Чунки, бундан бир неча ой аввал “Карвон” бозорида бошланган текширувлар навбати пойтахтдаги “Қўйлиқ”, “Чорсу” ҳамда “Абу Сахий” ширкатига қарашли улгуржи бозорларга етди. Қарийб бир ҳафтадан бери тафтишчи-десант гуруҳлари ташланган мазкур савдо мажмуаларида фаолият сусайган, тужжорларнинг товар олиб келиши кескин камайди, дейди мухбиримиз.

Айрим кузатувчилар эса қора бозорда валюта курсининг пасайишини мамлакатга асосий товарлар келтириладиган Хитойга авиарейсларнинг вақтинча тўхтатилгани билан ҳам боғламоқда.